
7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан Андижон вилоятининг барча тиббиёт муассасаларида саломатлик, тиббий кўрик тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Кейинги йилларда юртимизда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, айниқса, оналар ва болалар, ногирон, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан вилоятдаги тиббиёт муассасаларида ўтказилган саломатлик тадбирлари ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.
Даволаш муассасаларининг тажрибали ва малакали шифокорлари иштирокидаги бепул тиббий кўрикларда аҳолининг саломатлиги назоратдан ўтказилмоқда.
Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 3-оилавий поликлиникасида ташкил этилган бепул тиббий кўрикка ҳам кўплаб андижонликлар ташриф буюрди.
– Кунлик 500 қатновга мўлжалланган поликлиникамиз Андижон шаҳрининг 18 та маҳалласида истиқомат қилувчи 61 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади, – дейди поликлиника бош шифокори Муҳаррамхон Раҳмонова. – Бугунги “Саломатлик тадбири”ни юқори савияда ўтказиш учун зарур барча шароитлар яратилган, кўрикка поликлиникамиз шифокорларидан ташқари, вилоят тиббий муассасаларидан ҳам тажрибали шифокорлар таклиф этилган.
[gallery-22698]
Тадбир давомида аҳолининг саломатлиги 14 турдаги тор ихтисослик бўйича мутахассислар, шунингдек, оилавий поликлиника шифокорлари томонидан текширувлар ўтказилмоқда. Айниқса, оналар ва болалар ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ҳамда аҳолининг тиббий билим ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Текширув жараёнида фуқаролар УЗИ, ЭКГ, рентген текширувларидан ўтказилмоқда, зарурат бўлса, улардан турли лаборатория таҳлиллари олинмоқда.
Шифокор кўригидан ўтган айрим юртдошларимиз билан суҳбатда бўлдик.
– Ёшим олтмишга яқинлашди, тез-тез оғриб тураман, – дейди Андижон шаҳри, Қаландархона маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси, 2- гуруҳ ногирони Одинахон Элназарова. – Айниқса, кўришдаги муаммолар мени анча қийнайди. Бугунги текширувда турли шифокорлар, хусусан, офтальмолог кўригидан ўтдим, зарур тавсия ва маслаҳатлар олдим. Ҳукуматимизга, шундай хайрли ишларга бош-қош бўлган инсонларга раҳмат. Аҳоли учун яратиб берилаётган бу каби имкониятлардан жуда ҳам мамнунман.
Саломатлик тадбирларига ташриф буюрган юртдошларимизнинг қайси бири билан суҳбатлашмайлик, шифокорлардан зарур маслаҳат ва тавсиялар олаётганликлари, юртимизда инсонлар саломатлигини сақлашга берилаётган эътибордан мамнун эканликларини изҳор этди.
Бу каби кўриклар вилоятнинг барча туман, шаҳар марказий ҳамда оилавий поликлиникалари, тиббиёт марказлари ва тиббий даволаш муассасаларида бўлиб ўтмоқда.
Тадбирлар давомида шифокорлар томонидан аҳолининг тиббий билим ва маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, тарғиб этиш юзасидан ҳам суҳбат ва мулоқотлар ўтказилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари