Саломатлик марафони: навбатдаги манзил – Самарқанд
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасини барча босқичларда такомиллаштириш, профилактик тиббиётни кучайтириш ва аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, юртдошларимизни хусусий ва давлат тиббий муассасалари орқали ўз вақтида текширувдан ўтказиш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва олдини олиш борасида тизимли чора-тадбирлар изчил давом этмоқда. Мана шундай кенг қамровли ва узлуксиз саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси сифатида юртимиз бўйлаб яна бир кенг кўламли лойиҳа – миллий Саломатлик марафони ўтказилаётир.
Нукусда бошланган ушбу марафоннинг навбатдаги манзили – қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳри. Лойиҳанинг асосий мақсади аҳолини касалликлар профилактикасига, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишга ундаш, шу орқали соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий ҳаракатни янада кучайтиришдир.
17 ноябрдан 17 декабргача давом этадиган мазкур жараёнда Самарқанд шаҳри аҳолисининг 150 минг нафари қамраб олиниши режалаштирилган. Шу муддат ичида шаҳардаги 20 та оилавий поликлиникада кенг кўламли скрининглар ва профилактик текширувлар ўтказилади. Бу жараёнда маҳаллий шифокор ва ҳамширалар билан бир қаторда Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан жалб қилинган 1200 нафар етакчи мутахассис, шунингдек, бир гуруҳ хорижлик экспертлар ҳам иштирок этади.
Тиббий кўриклар замонавий ахборот технологиялари билан уйғун ҳолда ташкил қилинади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳар бир натижа DMED ягона электрон ахборот тизимига киритилиб, келгусида фуқаролар саломатлигининг доимий мониторинги йўлга қўйилади. Бу эса профилактик тиббиётнинг сифатини ошириш, хавф омилларини эрта аниқлаш ва узоқ муддатли соғлом ҳаёт учун асос яратади.
Шу билан бирга, Самарқанддаги иккита жамоат жойида махсус “Саломатлик майдончалари” ташкил этилди. Бу ерда аҳолига соғлом турмуш тарзига оид амалий тавсиялар берилади, антропометрия, қон босими, пульс ҳамда бошқа бир қатор кўрсаткичлар ўлчаб, тезкор маслаҳатлар тақдим этилади.
Самарқанд давлат тиббиёт университетида ташкил қилинган Саломатлик марафонининг расмий очилиш маросимида жамоатчилик ва соҳа мутасадди вакиллари амалга оширилаётган ушбу кенг кўламли тадбирлар юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва ҳар бир фуқарода соғлом турмуш маданиятини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Дарҳақиқат, аҳоли соғлиғи – давлатнинг энг катта бойлиги, юрт тараққиётининг гаровидир. Шу нуқтаи назардан касалликларни эрта аниқлаш эса бирламчи белгилардаёқ даво чораларини кўриш имконини беради. Шунингдек, эрта ташхис инсон ҳаётини асраб қолишда энг самарали восита бўлиб, соғлом келажакни таъминлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА