Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йил IT хизмати ҳажмини 30 фоиз ошириб, 80 триллион сўмга етказиш, экспортни эса 1 миллиард доллардан ошириш имконияти борлиги ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Сакураи Акихиро айни мавзуга оид мулоҳазаларини билдирди.

– Япония йирик сармоя киритиб, рақамли марказлар яратиш ва IT мутахассисларининг янги авлодини тарбиялашга қаратилган узоқ муддатли стратегия ёрдамида Ўзбекистон IT тизимини ўзгартиришга ҳисса қўшиш ниятида. Япония компаниялари мамлакат бозорига фаол кириб, “IT Park Uzbekistan” резидентларига айланмоқда. 2025 йил февраль ойи ҳолатига кўра, кун чиқар юрт капитали иштирокидаги шундай корхоналар сони ўнтага етди. Шундан бештаси аллақачон Японияга хизмат экспорт қилмоқда. Бу 2024 йил боши билан солиштирганда сезиларли ўсишдир.
Тўққиз япон компанияси ўтган йил 87 янги иш ўрни яратди. Бу жамоалар нафақат илғор технология жорий этиш, балки юқори малакали мутахассис тайёрлаш билан ҳам шуғулланади.
Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги (METI) бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз узоқ муддатли истиқболни кўзлаб, кўпроқ рақамли ва ихтисослаштирилган тадқиқот марказлари яратиш орқали Ўзбекистон IT-сектори салоҳиятини кучайтирмоқчи.
Келажакдаги режаларимиз малакали мутахассисларни кўпайтириш, хусусан IT-парк резидентлари сонини икки баробар ошириб, жорий йил ўзбек ёшларининг япон компанияларидаги мавқеини сезиларли даражада оширишдан иборат.
Аҳоли қариши ҳисобига ишчи кучи қисқариши мамлакатимиздаги долзарб ижтимоий муаммо ҳисобланади. Яъни, METI тахминига кўра, 2030 йилга бориб IT-мутахассислари етишмовчилиги 790 минг кишига етиши мумкин. Шу боис METI ва Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил октябрь ойи охирида рақамли истеъдодларни ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Япония ташқи савдо ташкилоти – JETROIT-хизмати экспортини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган Ўзбекистон-2030 рақамли стратегиясини қўллаб-қувватлайди. Ушбу ҳамкорлик доирасида қатор қўшма тадбирлар, жумладан Токиода Ўзбекистон IT-аутсорсинг конференциясини ўтказиш, япон IT миссияларининг республикага ташрифи ташкил этилади.
Япония компаниялари доим узоқ муддатли ҳамкорликни кўзлайди. Масалан, шахсан менинг режам ҳам уч босқичли: 2030 йилгача қисқа, ўрта ва узоқ муддатли стратегия. Мамлакатда япон IT-хаблари ва тадқиқот марказлари очиш ўрта муддатли босқичнинг бир қисми. Бу жараёнда умумий қарашни шакллантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни чуқурлаштириш жуда муҳим.
Умуман, рақамли технологиялар соҳасидаги узоқ муддатли Япония ва Ўзбекистон ҳамкорлиги беқиёс салоҳиятга эга.
Аллақачон Япония ҳукумати, шунингдек кун чиқар юртдаги давлат ва хусусий сектор, илмий доира ва молиявий институтлар – глобал корпорациялардан бошлаб, маҳаллий IT-компанияларгача Ўзбекистон билан шерикликни ривожлантириш мақсадига йўналтирилган музокараларни бошлаб юборганмиз. Тошкент IT-Паркига яна кўплаб япон компанияларини жалб қилиш имконияти мавжуд.
Хуллас, Ўзбекистондаги резидентларимизни икки карра, Японияга IT-хизмат экспортини эса 35 баробар кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Бу йўлда рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни тизимли равишда мустаҳкамлаб бориш, жумладан юртимизда Ўзбекистон салоҳияти ҳақида хабардорликни ошириш чора-тадбирлари ҳам ишлаб чиқилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА