Навоий вилоятининг Нурота туманида яшовчи фуқаро Халимов Эркин (фамилияси ва исми ўзгартирилган) чўл ҳудудида кесиш тақиқланган саксовул дарахтини кесиб, автомашинасига юклаб кетаётган вақтда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан тўхтатилди.
Фуқаронинг ушбу хатти-ҳаракати бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикасининг МЖтК 79-моддасининг биринчи қисмига асосан 8,5 миллион сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилди. Шунингдек, унга нисбатан 9 миллион 520 минг сўм миқдорида табиатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судига даъво аризаси киритилди ва суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилди.

– Суднинг ушбу қароридан норози бўлган фуқаро Халимов Эркин томонидан берилган апелляция шикояти Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди, – дейди Навоий вилоят суди судьяси Азизжон Баҳронов. – Саксовул камайиб бораётган ва экологик жиҳатдан жуда муҳим ўсимлик тури бўлиб, юртимизда унинг икки асосий тури: оқ ва қора саксовул қизил китобга киритилган. Уни кесиш ва олиб кетиш қонун билан чекланган. Конституциямизнинг 62-моддасига кўра, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдир. Фуқаро Халимов Эркин эса Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларига амал қилмасдан, ўзбошимчалик билан саксовул дарахтини кесганлиги оқибатида табиатга зарар етказди, ҳам ўзининг моддий аҳволи ёмонлашувига олиб келди.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда унинг ҳудудлардаги бўлимлари давлат инспекторлари томонидан мунтазам равишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА