АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида “Saint Louis Rapid & Blitz 2025” турнирининг 9 та турдан иборат рапид йўналишидаги мусобақалар якунланди.
Мукофот жамғармаси 175 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг кеча ўтказилган 7, 8 ва 9-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов муносиб натижа қайд этди.

Нодирбек Абдусатторов 7-турда қора доналарда франциялик Максим Вашье-Лаграв билан, 8-турда ҳам қора доналарда америкалик Сэм Шанкланд билан ўйинда дурангга эришган бўлса, 9-турда оқ доналарда АҚШ вакили Леньер Домингесни мағлуб этди.
Рапид баҳсларида АҚШ вакили Фабиано Каруана 14 очко билан якка пешқадамга айланган вазиятда Левон Аронян 13 очко билан иккинчи ўринни, 11 очко жамғарган Максим Вашье-Лаграв 3-ўринни эгаллади.
10 очкони қўлга киритган жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш 4-ўринни, 9 очко жамғарган Уэсли Со, Нодирбек Абдусатторов ва Леньер Домингес кейинги поғоналарни банд этишди.
Бугун, 14 август кунидан нуфузли мусобақанинг билиц йўналишидаги беллашувларга старт берилади.

Кун давомида 5 та тур ўйинларида иштирокчилар куч синашса, эртага 15 августда 5-13-тур баҳслари, 16 август куни эса қолган 14-18-тур ўйинлари ташкил этилади.
Турнирда ғолибликка эришган шахматчи 40 минг, 2-ўрин 30 минг, 3-ўрин 25 минг, 4-ўрин 20 минг, 5-ўрин 15 минг, шунингдек кейинги поғоналардан жой эгаллаганлар мукофот жамғармасининг тегишли миқдоридаги маблағлари билан тақдирланади.
Т. Рўзиев, ЎзА