Озарбайжонда “Ўзбекистон Республикаси маданият кунлари” катта муваффақият билан ўтказилаётган шу кунларда мамлакатимиз театрларида ҳам қардош юрт ижодкорларининг асарлари томошабинларга тақдим қилинаётгани эътиборли.
Аслида озарбайжонлик драматургларниг асарлари мамлакатимиз театр жамоалари репертуаридан ҳам ўрин олгани мухлисларга ҳавола этилаётган спектаклларнинг ранг-баранглигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбек Миллий академик драма театрида Узайр Ҳожибековнинг “Аршин мол олон” асари асосидаги спектакль намойиш этилди.
Мазкур асарни юртимиз театрларида саҳналаштиришда устоз режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошевнинг хизматлари катта. Шу сабабли ҳам спектакль намойиши миллий театримиз дарғасининг хотирасига бағишланди.

Айтиш керакки, ушбу саҳна асари Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси актёрлари ижросида ўзига хос, жуда завқли тарзда тақлин этилгани билан аҳамиятли. Спектакль енгил кулгу, ҳазил-мутойибага бойлиги диққатга сазовор. Актёрлар асар мазмунини янада очиш ва бойитишда томошабинлар билан ижодий мулоқотга кириши спектакль жараёнида янада самимий муҳитнинг қарор топишига хизмат қилади.
Қардош халқнинг бетакрор ва жўшқин рақслари, мусиқа, қўшиқларини актёрларимиз юксак маҳорат билан ижро этиши саҳна асарининг қиммати ва аҳамиятини тобора кучайтиради.

Спектакль режиссёри – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев. Рассом – Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Бахтиёр Тўраев. Асосий ролларни Арофат Эргашева, Бахтиёр Юсупов, Саида Умарова, Даврон Каримов, Кумуш Ўктамова, Улуғбек Холиқжонов, Зебинисо Эргашева ва бошқа актёрлар ижро этган.
Шунингдек, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида Озарбайжон драматурги Мажид Шамхалов асари асосидаги “Қайнона” спектакли мухлислар ҳукмига ҳавола этилди.
Саҳналаштирувчи режиссёр Достон Ҳақбердиев, саҳналаштирувчи дирижёр Акмал Тўраев ҳамда театрнинг катта ижодий жамоаси томонидан тайёрланган ушбу спектакль мухлисларга манзур бўлди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири