
Ватанимиз тарихидаги 3 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1912 йил (бундан 113 йил олдин) – Россия Император Археология ҳайъати Туркистон генерал-губернаторига хат йўллаб, Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий масжидида сақланаётган илмий-тарихий аҳамиятга эга бўлган санъат асарлари ҳисобланган, Амир Темур совға қилган шамдонларни ўрганиш, баён қилиш ва тадқиқ қилиш мақсади борлигини хабар қилди.
“Мустабид тузумнинг Ўзбекистон миллий бойликларини талаш сиёсати: тарих шоҳидлиги ва сабоқлари” китобида ёзилишича, Император Археология ҳайъати Туркистон генерал-губернаторидан қуйидаги таклифни амалга оширишга ёрдам беришни илтимос қилган: “Шайхларга шамдонларни тадқиқ қилиш учун Археология ҳайъатига кетма-кет, яъни олдин битта шамдонни, уни қайтарилгандан кейин – бошқасини ва ҳоказо жўнатишни таклиф қилсангиз. Шамдонларни жўнатиш билан боғлиқ бўлган ҳамма харажатларни Император Археология ҳайъати ўз бўйнига олади”.
1914 йил (бундан 111 йил олдин) – Фарғона водийсидаги биринчи миллий нашр – “Садои Фарғона” газетаси чиқа бошлади. Унинг муҳаррири ва ношири – тоғ-кон мутахассислиги бўйича муҳандис Обиджон Маҳмудовнинг мақсади газетани сотиш ва бойиш эмас, балки водий аҳлини мудроқ ижтимоий ва маданий ҳолатдан уйғотиш, бу ёруғ дунёда илм-маърифат, эрк ва ҳуррият, бахт ва саодат деган буюк қадриятлар борлигини айтиш, шу қутлуғ қадриятлар билан таништириш учун газета нашр этиб, уни бепул тарқатиш эди.
Обиджон Маҳмудовнинг “Дардимиз бир, касалимиз ҳам бир, даво ва дармонимиз ҳам бирдур. Бас, ондоқ бўлса, эй ҳимматли биродарлар, чиқинглар майдонга...” сўзлари ёзилган “Маслак ва мақсад” мақоласи водий ёшларига таъсир кўрсатмай қолмади. Биринчи сони шоҳи матога босилган газета ёшлар ва кекса зиёлилар томонидан катта қувонч билан қарши олинди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Қарши қозиси, ўз замонасининг илғор мутафаккирларидан бири, тарихчи, шоир, ёзувчи Садр Зиё қамоққа олинди. Бухородан Садр Зиёни қатл қилиш ҳақида ҳукм келади, аммо Қарши ҳокими Аҳрорқулибек иноқ фармонда амирнинг муҳри йўқлиги учун уни амалга оширмайди. Кейинроқ бу ҳукм пул тўлаш жаримаси билан алмаштирилади. 70 кунлик ҳибсдан озод этилган Садр Зиё 1918 йилнинг июнида Шаҳрисабзга қози этиб тайинланади .
1925 йил (бундан 100 йил олдин) – Ўзбекистон ССР пойтахти Самарқанд шаҳрига кўчирилди. Шу куни Самарқандда пойтахт кўчиши муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Тошкентдан Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобоев ва бошқа раҳбарлардан иборат поезд таркиби Самарқандга етиб келди. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, Файзулла Хўжаев Самарқанд шахридагн темир йўл вокзали, Регистон ва Самарканднинг янги шаҳар қисмидаги митингларда нутқ сўзлади. Файзулла Хўжаев ўз нутқида Самарқанд шаҳри Ўзбекистоннинг айни пайтда янги, шу билан бирга қадимий пойтахти эканлигини эътироф этиб, мазкур шаҳарнинг пойтахт этиб танланганлиги сабаблари тўгрисида митинг иштирокчиларига маълумотлар берди.
1978 йил (бундан 47 йил олдин) – Самарқанд вилоятидаги Қўшработ тумани ташкил этилди. Мазкур туман номидаги “қўш” – иккилик, “работ” эса мустаҳкамланган устунлар ва турар жойлар; карвонсарой, меҳмонхона маъноларини англатади.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Тошкентда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг биринчи учрашуви бўлди. Мазкур учрашувда мустақиллик шароитидаги қўлга киритилган дастлабки ютуқлар, кадрлар сиётининг шаклланиши ва унинг стратегияси атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, мавжуд камчиликлар ва галдаги вазифалар кўриб чиқилди. Айни пайтда айрим жойларда аввалги партия ва совет ташкилотларидаги эскича услубдан ҳамон воз кечилмаганлиги қайд этилди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Андижон вилоятидаги Булоқбоши тумани ташкил этилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, мазкур туман номи аҳоли маскани булоқнинг бошланиши томонидан бўлганлиги учун шундай номланган. Булоқбоши “сарчашма” сўзининг ўзбекчасидир. Булоқбоши номли ўзбек уруғи ҳам бор.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – Урганчда Хоразмий ва Беруний номларидаги боғларга асос солишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оролбўйи генофондини муҳофаза қилиш хайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ахборотни криптографик муҳофаза қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА