Бухарестдаги кўп қаватли уйда кучли портлаш содир бўлди. Руминия пойтахти Фавқулодда вазиятлар инспекцияси маълумотига таяниб, "Arab News" хабар беришича, ҳодиса саккиз қаватли бинонинг бешинчи ва олтинчи қаватларида кузатилган. 5-сектордаги Каля Раховей кўчасида юз берган фожиа жойига ўндан ортиқ тез ёрдам машинаси, жумладан 11 ўт ўчирувчи ва тўрт кўчма жонлантириш бўлими етиб келган.
Ҳалокат сабаби ҳозирча номаълум, расмийлар эҳтиёт чораси сифатида ҳудуд газ таъминотидан узилганини айтди.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўпчилик жароҳатлангани, куйгани, қурбонлар ҳам борлигини маълум қилди.
Кейинроқ масъуллар олтинчи қаватда бетон плита остидан бир кишининг жасади топилгани ҳақида хабар берди. Камида 13 киши пойтахт шифохоналарига етказилган.
Айни пайт бинодан аҳоли тўлиқ кўчирилган. Қутқарувчилар қамалиб қолганларни аниқлаш мақсадида махсус амалиёт ўтказди. Бухарест таълим инспекцияси маълумотига кўра, яқин атрофдаги мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари ҳам эвакуация қилинган.
Фавқулодда вазиятлар хизмати томонидан тақдим этилган видео тасвирда портлаш оқибатида жиддий шикастланган ҳар икки қаватдаги бурчак хонадонлар ҳолати акс этган. Тўлқин кучи қўшни хонадонлар деразаларини ҳам синдирган. Вайроналар ён-атрофга сочилиб кетган.
Фавқулодда вазиятлар хизмати хабарида портлаш туфайли энг яқин жойлашган яна бир турар-жой биноси шикастлангани, бино пештоқи ёрилгани қайд қилинган.
М.Пирматова, ЎзА