
Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан Ўзбекистон Республикасининг 16 нафар вояга етмаган фуқароси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ходимлари ҳамроҳлигида Ватанга қайтарилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Санкт-Петербург ва Москвадаги Ўзбекистон Республикаси консуллик идоралари болаларни давлатимиз фуқароси сифатида идентификация қилиш ва уларга қайтиш сертификатларини расмийлаштириш бўйича барча чораларни кўрди.
Ҳозирда болалар вақтинча Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Марказда уларни ота-оналари ва яқин қариндошлари "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан олдиндан тайёрланган васийлик ҳужжатлари билан кутиб олишди. Вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам уларнинг кейинги яшаш жойларида ҳам давом эттирилади.
Олиб келинган 16 нафар боланинг 11 нафари ота-оналарига, қолганлари эса васийлик асосида қариндошларига топширилди.
Хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА