
Украина Президенти Владимир Зеленский туғилиб ўсган Кривой Рог шаҳрига қарата уюштирилган ракета ҳужуми туфайли 19 киши, жумладан тўққиз бола ҳалок бўлди, деб ёзди CNN. Бу жорий йилдаги энг ҳалокатли зарбалардан бири бўлгани айтилмоқда.
– Жароҳатланган 72 киши орасида уч ойлик чақалоқ ҳам бор, – дея изоҳлаган воқеани мэр Александр Вилкул. – Натижада ўнлаб кўп қаватли уй, олти таълим муассасаси ҳамда дўконлар, бир неча корхонага зарар етди.
Дарвоқе, мазкур шаҳар сўнгги ойларда қайта-қайта ҳужумга учрагани таъкидланган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп можарога тезда барҳам беришга ваъда берди, аммо ҳозирча келишувга эришилмади. Украина иттифоқчилари фикрича, Россия жанг майдонида устунликни қўлга киритишга уриниб, музокарани кечиктирмоқда.
Украина етакчиси ҳодисадан кўп ўтмай эълон қилган тунги мурожаатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.
Мусулмон Зиё, ЎзА