РФ етакчиси Владимир Путин ва Қатар Давлати амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний телефон суҳбатида Суриянинг бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда Кремль сайти хабар берган.
– Россия – Қатар ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир долзарб масалалар, хусусан, яқинда Доҳада бўлиб ўтган икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якуни нуқтаи назаридан кўриб чиқилди, – дейилган ахборотда. – Саноат, энергетика, транспорт-логистика, маданият ва спорт соҳаларида сармоявий алоқа кўламини кенгайтириш зарурлиги тасдиқланди. Ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга қаратилган, мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар бўйича келишиб олинди. Россия ва Қатар жорий ўтиш даврида мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш йўлида шерикликни давом эттиради ва Сурия халқига гуманитар ёрдам кўрсатади.
Қайд этилишича, Суриядаги вазият бўйича фикр алмашиш чоғида икки томон ҳам ушбу араб давлатининг бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, раҳбарлар Ғазо секторида жанговар ҳаракат қайта бошланганидан хавотир билдириб, “ҳар икки давлат минтақадаги кескинликни пасайтириш ва вазиятни узоқ муддат меъёрига келтиришга ҳисса қўшишга тайёрлиги”ни таъкидлаган.
Мулоқот сўнгида Владимир Путин Қатар раҳбарияти ва халқини мусулмонларнинг муқаддас ойи – Рамазон билан табриклади.