Келгуси йили Японияда бўлиб ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида Халқаро кураш ассоциацияси, Осиё кураш конфедерацияси ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитасининг қўллаб-қувватлаши билан “Road to Asian Games” дастури амалга оширилмоқда.
Хўш, ушбу дастурдан кўзланган мақсад ва унинг асосий йўналишлари нималардан иборат?

– Мазкур тизим энг аввало, миллий спортимиз курашнинг халқаро обрў-эътиборини ошириш йўлида мусобақаларда, турнирларда иш олиб борадиган ҳакамлар, мутахассислар малакасини оширишга қаратилган. Қолаверса, 2026 йилги Осиё ўйинларидаги кураш мусобақаларини ташкил этиш, унинг техник жиҳатларини кураш қонун-қоидалари асосида олиб борадиган малакали мутахассисларни саралаб олиш. “Road to Asian Games” дастури доирасидаги биринчи босқич жорий йилнинг февраль ойида Ҳиндистоннинг Саҳаранпур шаҳрида ўтказилиб, унда ҳакам ва мутахассислар учун семинар ва рейтинг имтиҳонлари ўтказилди. Иккинчи босқич эса 5-12 май кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтди, – дейди Халқаро кураш ассоциацияси матбуот котиби Жамшид Намозов.

Тошкентда ташкил этилган ушбу босқич Халқаро кураш институти томонидан ўтказилган 3 ойлик онлайн кураш семинарининг якуний амалий машғулотлари ва махсус тайёргарлик дастурини ўз ичига олгани билан аҳамиятли бўлди.
Дастур доирасида мамлакатимизда уюштирилган амалий ва назарий семинарларда Осиё қитъасининг турли давлатларида кураш машғулотларини олиб бораётган мураббийлар, мусобақаларни бошқариб келаётган ҳакамлар иштирок этди.
Куни кеча Тошкентдаги “Ramada” меҳмонхонасида қатнашчи мутахассислар иштирокида якуний рейтинг имтиҳонлари бўлиб ўтди. Иштирокчиларнинг халқаро мусобақаларни ташкил этиш бўйича назарий ва амалий билимлари синовдан ўтказилди.

Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган мутахассисларга Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистон кураш федерацияси, Халқаро кураш институти мутасаддилари томонидан тегишли сертификатлар тақдим этилди.
Халқаро семинарда иштирок этган чет эллик мутахассислар курашнинг юксак қадриятларини ўзида мужассам этган, 500 дан ортиқ тарихий экспонатларни жамлаган Кураш музейи фаолияти билан яқиндан танишди.
Т.Рўзиев, ЎзА