Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг навбатдаги куни делегациямиз учун омадли ўтди. Спортчиларимиз кун давомида 1 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Жумладан, дзюдо баҳсларида Замоҳшари Бекмуродов (-66 кг) барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритган бўлса, Шаҳрам Аҳадов (-73 кг) кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Лазиза Ҳайдарова (-48 кг) ва Шукуржон Аминова (-57 кг) шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Эркин сузиш бўйича 1 минг 500 метр масофада ўтган баҳсларди Илья Сибирцев бронза медалга эга чиқди.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси медаль жамғаришда Туркия ва Индонезиядан кейин ҳозирча 3-ўринда бормоқда.
Дарвоқе, VI Ислом бирдамлиги ўйинлари доирасидаги футзал мусобақалари ҳал қилувчи босқичга етди. Жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлабки икки учрашувда ғалаба қозониб, муддатидан олдин ярим финал йўлланмасини қўлга киритганди.

Нодир Элибоев шогирдлари гуруҳдаги учинчи баҳсда ҳам иродали ўйин намойиш этди. Ливия терма жамоасига қарши учрашувда 0:2 ҳисоби билан ортда бораётган жамоамиз Машраб Одилов ва Муҳаммадали Ҳусанбоевнинг голлари эвазига 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
“А” гуруҳининг иккинчи ўйинида мусобақа мезбонлари – Саудия Арабистони терма жамоаси Озарбайжон устидан ғалаба қозонди.
“B” гуруҳида эса Марокаш терма жамоаси Афғонистонни 4:0 ҳисобида доғда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади. Эрон эса Тожикистон устидан 4:1 ҳисобида зафар қучди.

Шу тариқа, ярим финал жуфтликлари қуйидагича шаклланди:
9 ноябрь, соат 18:00 — Ўзбекистон – Эрон
9 ноябрь, соат 21:00 — Марокаш – Саудия Арабистони
11 ноябрь куни VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг ғолиб ва совриндор жамоалари номи маълум бўлади.
Бугун, шунингдек, спортчиларимиз дзюдо, бокс, сузиш, оғир атлетика ва футзал бўйича баҳсларга киришади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА