Саудия Арабистони мамлакати мезбонлик қилаётган VI Ислом бирдамлиги ўйинларининг навбатдаги кунида спортчиларимиз 5 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Жумладан, бокс баҳсларида Абдуллоҳ Мадаминов, Мадияр Данияров ва Хуморабону Мамажонова олтин, Одинахон Исмоилова эса кумуш медалга эга чиқди. Оғир атлетика бўйича ўтган беллашувларда Сарвар Зафаржонов силтаб кўтариш бўйича олтин, даст кўтаришда кумуш, иккикураш якунига кўра яна бир олтин медалга сазовор бўлди. Комплекс сузиш бўйича 4x100 метрга аралаш эстафета баҳсида терма жамоамиз аъзолари учинчи бўлиб маррага етиб келган бўлса, дзюдочиларимиз жамоавий аралаш беллашувида иккинчи ўриндан жой олди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси VI Ислом бирдамлиги ўйинларида 9 та олтин, 12 та кумуш ва 8 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда бормоқда.
Бугун, 11 ноябрь куни ўйинларнинг футзал мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистони термаси билан бронза медали учун ўзаро рақобатлашади. Шунингдек, юртимиз спортчилари сузиш, муайтай ва оғир атлетика бўйича баҳсларда иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА