Римдаги Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида Ўзбекистоннинг иқлимга мос қишлоқ хўжалиги эътироф этилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Римдаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми ташкил этилди. Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда иқлимга мос қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва глобал ечимлардаги ҳиссасига бағишланган сессия бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили ва бош директор ўринбосари Виорел Гутсу ҳамда бошқалар сўзга чиқди. Шунингдек, форумда Италиядаги Туския университети талабаларидан иборат мамлакатимиз ёшлари делегацияси ҳам фаол иштирок этди.
Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми — ФАОнинг асосий глобал ташаббусларидан бири бўлиб, аграр озиқ-овқат тизимларини ислоҳ қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, барқарорлик ва иқлим ўзгариши муаммоларига ечим топишга қаратилган.
Бир ҳафта давом этган ушбу форум доирасида мулоқот, панел муҳокамалари ва инновацион лабораториялар ўтказилди. Дунё етакчилари, экспертлар, халқаро молиявий институтлар ва хусусий сектор вакиллари, жамоатчилик арбоблари ва ёшлар муҳим ташаббусларни муҳокама қилиб, янги ёндашувлар устида ишлади.

Ўзбекистон иштирокидаги тадбир Италиядаги Ўзбекистон элчихонаси, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Шу каби Ўзбекистон ютуқларига бағишланган тадбирлар 2022-2024 йилларда ҳам ўтказилган эди. Бу йил ҳам анъанага айланган шаклда мамлакатнинг аграр ютуқлари ва бой маданияти юқори савияда намойиш этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади юртимизнинг аграр соҳадаги ютуқ ва глобал иқлим ечимларига қўшаётган ҳиссасини таъкидлашдан иборат бўлди. Ўзбек талабалари иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор аграр озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш борасидаги ўз ташаббусларини илгари сурди.

Қайд этиш керак, меҳмонлар Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва унинг қишлоқ хўжалигидаги анъаналарга таъсири билан танишди, ёшлар учун таълим ва инновациялар соҳасида яратилган имкониятлар ҳақида маълумот олди ҳамда мамлакатнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.


Форум Ўзбекистонга хос меҳмондўстлик рамзи бўлган анъанавий “Palov party” билан якунланди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА