Фарғона водийсини электр энергия манбалари билан таъминловчи йирик ишлаб чиқариш мажмуаси саналган, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” корхонасида кейинги пайтларда салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида станция томонидан 1,3 миллиард кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга узатилди. Шу даврда 1 кВт. соат қувват учун шартли ёқилғи солиштирма сарфи 227,6 гр/кВт. соатни ташкил қилди.

Самарадорликни ошириш ва ишлаб чиқариш таннархини қисқартириш бўйича белгиланган чора-тадбирларни бажарилиши ҳисобига 10 миллиард сўм иқтисод қилинди. Шу даврда ёқилғи-энергия ресурсларини тежашнинг ташкилий-техник амалий чора-тадбирлари эвазига 2,6 миллион кВт. соат энергия тежалишига эришилди.
– Корхонамизда 4,9 гектар бўш ер майдонида барпо қилинган қуввати 4,5 МВт бўлган қуёш фото электр станцияси муваффақиятли ишламоқда, – дейди “Тўрақўрғон ИЭС” ишлаб чиқариш-техника бўлими бошлиғи Мубошер Ҳамроев. – Шу йилнинг январь-март ойларида мазкур станция орқали 1 миллион кВт. соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилди ва корхонанинг ўз эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Станция ишчи-ходимлари ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан оқилона фойдаланишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бугунги кунга қадар 74 нафар ходим томонидан яшаш жойларида жами қуввати 310 кВт.га тенг бўлган қуёш панеллари ўрнатилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, айни кунларда “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” корхонасида суткасига ўртача 20 миллион кВт. соат электр энергия ишлаб чиқарилиб, республикамизнинг ягона тизимига узатилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА