Ресурслардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилди
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 11 мартда “Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чоралари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов мазкур қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Кейинги йилларда мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги ишларни тизимли равишда йўлга қўйиш, шунингдек, ушбу соҳада таъсирчан давлат назоратини таъминлашга эътибор кучайтирилди.
Ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш, шунингдек, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, газдан ёқилғи ёки хомашё сифатида фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш чораларини такомиллаштириш зарурияти юзага келгани сабабли мазкур янги қонун қабул қилинди.
Қонун билан Жиноят кодексига электр, иссиқлик энергияси, газ ва водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутадиган қўшимчалар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ноаниқликларни бартараф этиш, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда бундай ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.
Чунки, ўрганишлар шуни кўрсатдики, электр, иссиқлик, газ ёки сув тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш орқали оз миқдорда талон-торож қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, бундай ҳуқуқбузарликлар сони камаймаяпти.
Жумладан, 2023 йилда 623 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 2024 йилда 1 минг 677 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқбузарликлар сони бир йил ичида қарийб 3 баробарга ошган.
Маълумотлар мазкур ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жарималар миқдори бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кутилган натижаларни бермаётганини кўрсатди.
Энергия ресурсларига бўлган талаб кундан-кунга ошиб бораётгани, мамлакат аҳолисининг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини қондириш долзарб вазифага айлангани сабабли бундай турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жуда муҳим.
Шу мақсадда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги оз миқдордаги талон-торожлик учун жавобгарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача деб белгиланди. Аввал бу жазо базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригачани ташкил этган.
Электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш бўйича жавобгарлик мансабдор шахс билан бир қаторда якка тартибдаги тадбиркор учун ҳам белгиланди. Амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача бўлган маъмурий жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача оширилди.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, маъмурий жарима амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз беш бараваригача этиб белгиланди. Аввал бу базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригачани ташкил этган.
Жиноят кодексига ҳам ўзгартириш киритилиб, бу каби ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан етмиш беш бараваригача кўтарилди. Аввал бу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан етмиш беш бараваригача бўлган.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилгани сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг амалдаги таҳририга тегишли ўзгартириш киритилди.
Қонун билан электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 100-моддасининг ёритиш учун электр энергиясидан хўжасизларча фойдаланишга оид қисми юзасидан маъмурий баённома тузиш ваколати Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан бир қаторда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги профилактика инспекторларига ҳам берилди.
Қонун энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлиги оширилишини таъминлашга хизмат қилади. Ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олди олинади. Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кучайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2026 йил 13 июнда кучга киради.
Норгул Абдураимова,
ЎзА