АОКАда “Иссиқликтаъминоти” АЖ раҳбарияти иштирокида Президентимизнинг жорий йилнинг 11 мартдаги “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Президент қарори билан Ўзбекистоннинг иситиш тизимини ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда. Эски қозонхоналар ва тармоқлар янгиланади, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти қамрови кенгайтирилади.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорига асосан, келгуси 5 йилда амалга ошириладиган асосий йўналишлар белгилаб олинган. Хусусан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида “Иссиқликтаъминоти” акциядорлик жамиятини ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, вазирлик иссиқлик таъминоти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади.

Қарорга асосан, мамлакатимиздаги 103 та қозонхона ва 1,6 минг км иссиқлик тармоғини янгилаш белгиланган. Давлат-хусусий шериклик асосида 9 та, халқаро молия институтлари иштирокида 13 та шаҳар ва туманда модернизация лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 37 фоиздан 58 фоизга етказиш, тизимдаги йўқотишларни 38 фоиздан 20 фоизгача қисқартириш белгиланган. Кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8 минг 681 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш, марказлашган иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган.

Анжуманда қайд этилишича, иссиқлик қозонхоналари ва иссиқлик тизимларини замонавий технологиялар асосида модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳалари учун халқаро молия институтларидан 257 миллион АҚШ доллари жалб қилинади. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 1,6 триллион сўм ажратилади.
Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларни мустаҳкам ва барқарор молиялаштириш мақсадида халқаро молия институтларидан мақбул шартлардаги кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар жалб қилинади.
Бугунги кунда қарор ижроси доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида “Иссиқликтаъминоти” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Жамият ҳузурида 22 та иссиқлик таъминоти корхоналари масъулияти чекланган жамиятлар сифатида қайта ташкил этилди. 2025 йилда 9 та қозонхона ва 161 км иссиқлик тармоғини янгилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилда “Янги Ўзбекистон” массивларида 20 та қозонхона ва 83 км иссиқлик тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун 53 та иситиш қозонлари ва 93 км иссиқлик тармоқлари мукаммал таъмирланади.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, жорий йилда Нукус ва Бухоро шаҳарлари иссиқлик таъминоти тизимларида когенерация технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни бошлаш чоралари кўрилмоқда. Марказлашган иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш дастури ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилди. Жорий йилда лойиҳаларни бошлаш учун халқаро молия институтларидан 68 миллион АҚШ доллари жалб қилинмоқда.
Шунингдек, бу йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 320 миллиард сўм ажратилди. Бундан ташқари, Давлат бюджетидан иссиқлик таъминоти тизимини ёпиқ тизимга ўтказиш чора-тадбирлари учун 50 миллиард сўм, янги истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун 10 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилмоқда. Осиё тараққиёт банкининг 1 миллион АҚШ доллари грант маблағлари жалб этилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА