English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реклама қонунчилигини бузган корхоналарга чора кўрилди

Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан республика бўйлаб “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида тизимли мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Бу эса реклама бозорида шаффофликни таъминлаш, истеъмолчиларни чалғитувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Навбатдаги ўрганишлар давомида бир қатор ҳудудларда реклама жойлаштириш тартибларига риоя этилмагани аниқланди.

Жумладан, Бухоро вилоятида “ORIENT SPARKLE” МЧЖ томонидан ташқи реклама конструкцияси реклама жойининг паспортисиз ўрнатилгани маълум бўлди.

Самарқанд вилоятида “Sam-Ros-Stroy” МЧЖ биносининг олд қисми ва давлат мулки ҳисобланган ер участкасида тегишли рухсатномаларсиз ташқи реклама ўрнатгани ҳамда реклама тилига оид талабларга риоя этмагани қайд этилди.

Тошкент вилоятида эса “Glamur Gold” МЧЖ томонидан ижтимоий тармоқлар ва қурилаётган уй-жой мажмуаси ҳудудида кўп квартирали уйлар бўйича ҳақиқатга тўлиқ мос келмайдиган маълумотлар асосида реклама тарқатилгани аниқланди. Шунингдек, компания улуш киритиш асосида уй-жой қурилишига доир электрон платформада пудрат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтмагани маълум бўлди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари томонидан мазкур корхоналарга нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарималар қўлланилди. Шу билан бирга, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА