Бугун дўкон ёки интернет орқали маҳсулот сотиб олиш оддий ишдек туюлади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда тез-тез берилаётган “бир ойда соғлом бўлинг”, деган турли реклама роликларни кўрамиз. Аммо бу каби маҳсулотларнинг барчаси ҳам беморларга ёрдам бермайди. Аксинча, баъзан соғлиққа зарар етказиши мумкин.
Шу сабабли Рақобат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиб келади. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар бўйича мунтазам назорат харидларини амалга оширмоқда.

Мисол учун, 2024 йилда 560 та хариддан 95 таси сифатсизлиги аниқланган. 2025 йилда 618 та хариддан 123 таси талабга жавоб бермаган.
Шунингдек, ҳозирга қадар Қўмитага озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар бўйича 2 345 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шулардан 337 таси (14 фоизи) биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчаларига тааллуқлидир.
Мурожаатларнинг аксарияти фуқароларнинг телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги рекламаларга ишониб, биологик фаол қўшимчаларни харид қилгани, бироқ уларнинг кутилган натижани бермагани ёки соғлиғига салбий таъсир кўрсатгани билан боғлиқдир.
Маълумот учун айтиш жоизки, биологик фаол қўшимчалар (БАҚ) дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган. Улар фақат организм фаолиятини қўллаб-қувватлаш ёки айрим касалликларнинг олдини олиш (профилактика) мақсадида қўлланилиши мумкин. Шунинг учун, ҳар қандай қўшимчани истеъмол қилишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш шарт.
Шу боис қўмита истеъмолчилар эътиборига биологик фаол қўшимчаларни “дори” сифатида тақдим этаётган рекламаларга ишонмасликни эслатади.
Таъкидланишича, “Барча касалликларни бир ойда даволайди” каби ҳақиқатга тўғри келмайдиган ваъдалар алдов рекламалардир. Фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтган, расмий сертификати мавжуд маҳсулотлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Нигора Раҳмонова, ЎзА