Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қуролли Кучлар ҳарбий бўлинмаларининг тантанали юриши ўтказилди.
Регистон майдони атрофидан бошланган юриш Кўксарой майдонигача давом этиб, маънавий-маърифий тадбирлар билан давом этди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ва ҳарбий соҳа масъуллари юртдошларимизни Ватан ҳимоячилари куни билан табрикладилар. Бу йил “Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида ўтказилган ватанпарварлик ойлиги доирасидаги тадбирлар, жумладан, мазкур ҳарбий юриш юртдошларимиз, айниқса, ёшларда ватанпарварлик, мардлик ва жасорат туйғуларини мустаҳкамлаш, миллий армиямизнинг куч ва салоҳиятини намойиш этишга хизмат қилгани таъкидланди.
[gallery-27094]
Маросим давомида ҳарбий хизматчиларнинг саф машқлари ва қўл жанги бўйича кўргазмали машғулотлари намойиш этилди. Шунингдек, замонавий қурол-аслаҳа ва жанговар техникалар кўргазмаси ўтказилди. Ёшлар ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан танишиб, ҳарбий ҳаёт ҳамда юртимиз осойишталиги посбонларининг фаолияти ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.
– Ўғлим ҳарбий бўлишга қизиқади, шу тадбир ҳақида эшитиб, атайлаб келдик, – дейди иштихонлик Мунира Бозорова. – Келажакда ўғлим ҳам Ватанимизга садоқатли, мард йигит бўлиб улғайишини истайман. Ҳарбийларимиз ва уларнинг фаолияти ёшлар учун ибрат бўлди.
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган бу каби тадбирлар барча туман ва шаҳарларда давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари