_
Жорий йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигининг сайтида “Сўхликлар Президент қарори ижросини кутишмоқда” номли видеоматериал эълон қилинган эди.
Сўх туманидаги ичимлик суви муаммоси таҳлил қилинган мазкур мақола юзасидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига “Ўзсувтаъминот” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Т.Ҳайдаров қуйидагича жавоб берди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ 4798-сон қарорининг топшириқлари асосида Фарғона вилояти Сўх тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Шу кунга қадар “Ҳушёр” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 3 дона ичимлик суви қудуқларига 1 дона ТП-63 кВли трансформатор пункти қўйилиб, тармоққа уланди. Мазкур маҳалланинг ”Адири боло” кўчасига назорат қудуғи ўрнатилиб, тармоқлар монтаж қилиниб, хонадонларга 18 дона замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилди.
Шунингдек, “Қақир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2 дона янги назорат қудуғи ўрнатилиб, тармоқлар монтаж қилинди. “Ғазнов” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида эса сув минорасини ўрнатиш учун котлован қазилиб, бетон қуйиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Сўх туманига Фарғона шаҳридан 7 дона назорат қудуғи (колодес) олиб келинди, зарарсизлантириш бинолари учун металл конструкцияси тайёрланмоқда.
“Ровон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Адолат” кўчасига 108 метр янги ичимлик суви тармоғи тортилди.
Бугунги кунда топшириқда белгиланган вазифаларни охирига етказиш учун ишлар давом эттирилмоқда.