Юртимизда иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигини ошириш борасида компьютер ва телекоммуникация технологиялари, дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда улар асосида кенг турдаги интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётир. Шу сабаб бу борада иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини амалда кенг қўллаш, улардан фойдаланишда “Электрон ҳукумат” тизимининг татбиқ этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳриддин Бозоров тизимда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб борилаётган рақамлаштириш жараёни ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам рақамли технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги уч йилда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва рақамлаштириш доирасида Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси мутахассислари томонидан “НКМК” АЖ да 2023-2030 йилларга мўлжалланган Рақамли трансформация стратегияси лойиҳалари ва уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлари доирасида белгиланган лойиҳалар тўлиқ бажарилмоқда.

Рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда операцион самарадорликни ошириш ҳисобига 2024 йил 273 миллиард сўм иқтисодий самара кўрилди. Ёқилғи мойлаш материалларини тежаш мақсадида комбинатда транспорт воситалари ва механизмларини автоматик мониторинг тизими доирасида 3700 дан ортиқ транспорт воситаларига автоматик ўлчов ва назорат воситалари ўрнатилиши ҳисобига охирги икки йилда 21 301 тонна дизель ёқилғиси ёки 265 миллиард сўм иқтисод қилинди.

Технологик кўрсаткичларни оптималлаштириш, ишлаб чиқариш ҳажми ва самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш мақсадида комбинатда техник ва технологик янгиланиш, модернизация ва автоматлаштириш, ишлаб чиқаришга сунъий интеллект ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш бўйича кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Қорақўтон ва Гужумсой ер ости конларини рақамлаштириш”ни жорий этиш ана шундай лойиҳалардан биридир. Лойиҳага кўра, ер ости конларида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш, ходимлар ва техникаларнинг меҳнат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш тизимлари жорий этилди.

Унинг афзаллиги шундаки, ер ости кон ишларида ҳаво чанги даражаси, ҳарорат ва намлик, фавқулодда вазиятларда ходимлар ва кон техникаларини қидириш ҳамда жойлашув координатасини аниқлашни назорат қилади ва бошқаради. Шунингдек, шахтадаги кон-транспортлари ва ходимларнинг тўқнашувини олдини олиш мақсадида хавфсиз оралиқ масофани таъминлаши билан ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, бу лойиҳа ходимларнинг саломатлиги ва жисмоний ҳолатини аниқлаш ҳамда назорат қилишнинг интеллектуал ахборот тизими ҳисобланади.

Бугунги кунда ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларида сунъий интеллектни қўллаш тобора кенгайиб боряпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги “2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, тоғ-кон саноатида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг глобал тенденциялари таҳлил қилинди. Унда сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар улушини кўпайтириш, техник инфратузилмани кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш каби қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Бугунги кунда “НКМК”АЖ соҳанинг етакчи корхонаси сифатида 2030 йилгача мўлжалланган рақамли стратегиясини амалга оширмоқда. Ушбу стратегия мақсадларига эришиш учун корхона ҳозирдан рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этган ҳолда бир қатор ечимларни қўлламоқда. Жумладан, илғор халқаро тажрибага асосланиб, сунъий интеллект тизимларини жорий этиш орқали оптималлаштирилиши мумкин бўлган асосий ишлаб чиқариш ва ёрдамчи жараёнларни аниқлаш кўзда тутилган. Сунъий интеллектдан фойдаланиш бугунги кунда компаниянинг янада барқарор ривожланишини таъминлаш учун стратегик йўналиш ҳисобланади.
“НКМК” АЖ Кадрлар бошқармаси ходимлари сунъий интеллектга асосланган илғор воситалардан фойдаланмоқда. Бу уларга кундалик вазифаларни тез ва самарали бажаришга ёрдам бериб, юқори иш сифатини таъминлаш ва уларнинг ишдан қониқиш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Ходимларни бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш кадрлар маълумотларини назорат қилиш, ўқув дастурлари ва тест синовларини тузиш, ходимлар учун сўровномалар ўтказиш, турли ҳужжатларни яратиш каби жараёнларни автоматлаштириш имконини беряпти. Шунингдек, сунъий интеллект Инсон ресурслари департаменти мутахассислари учун катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, тенденцияларни аниқлашда ишончли ёрдамчига айланади, бу эса ходимларни ишга қабул қилиш, ўқитиш ва ривожлантириш бўйича янада асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
“НКМК” АЖда Сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда “Видео-таҳлил асосида шахсий ҳимоя воситаларини бошқариш” ахборот тизимининг жорий этилиши эса ишлаб чиқариш майдонларида содир бўладиган жароҳатланишларни камайтиришга олиб келмоқда. Унинг афзалликлари шундаки, видео кузатув тизими ёрдамида ишлаб чиқариш майдонини доимий масофавий назорат қилишни таъминлайди.
Сўнгги йилларда “НКМК” АЖ таркибидаги Шимолий кон бошқармасида ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш борасида амалий ишлар изчил равишда олиб борилмоқда. Жумладан, кон техникасига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини самарали бошқариш мақсадида 1С:ТОиР (Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш) ахборот тизими жорий этилди.
Ҳозирда 1С:ТОиР тизими орқали 100 дан ортиқ автосамосвал, экскаватор ва бурғилаш ускуналари қамраб олинган.
Тизимнинг муҳим афзалликларидан бири – мобил илова орқали техник кўрик натижаларини реал вақтда юбориш, автоматик равишда ёки диспетчер назорати остида таъмирлаш буюртмаларини шакллантириш имкониятидир. Шу орқали қоғозбозлик камайиб, таъмирлаш ишлари вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланмоқда.
Бугунги кунда 1С:ТОиРнинг сервер ва инфратузилмаси тўлиқ ишга туширилган бўлиб, таъмирлаш бўйича барча ички ҳужжатлар, ҳисоботлар ва техник карталар тизим орқали шакллантирилмоқда.
Ҳар қандай корхонада барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш учун технологик жараёнларни модернизация қилиш йўлларини излаш талаб этилади. Бу борадаги яна бир истиқболли йўналишлардан бири 7-гидрометаллургия заводида сунъий интеллектнинг жорий этилишидир. Мазкур лойиҳа технологик жараёнларнинг самарадорлиги ва барқарорлигини ошириш учун қўл келмоқда.
Сунъий интеллект тизимлари реал вақт режимида катта ҳажмдаги маълумотлар ва технологик жараёнларнинг боришини таҳлил қилиш имкониятига эга. Бу эса ўз навбатида завод технологик жараёнларининг барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш кўрсаткичларни оптималлаштириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш имконини беради.
Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида завод технологик ускуналарининг (майдалагичлар, тегирмонлар, насослар ва бошқалар) иш ҳолатини кузатиш ва юзага келиши мумкин бўлган носозликларни олдиндан айтиш мумкин. Бу ускуналарнинг тўхтаб қолиш вақти ва таъмирлаш харажатларини камайтиради, шунингдек, ўз навбатида ускуналарнинг хизмат қилиш муддатини узайтиради.
Бу каби рақамлаштириш ишлари нафақат самарадорликни оширмоқда, балки меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик, ресурсларни тежаш ва ишлаш муҳитини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.