Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” галереясида Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Рассомлик маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчиси Алишер Ҳамдамовнинг “Ранглар рақси” номли ҳисобот кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада истеъдодли рассомнинг 40 га яқин рангтасвир асарлари намойиш этилди.

Алишер Ҳамдамов 1986 йил Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. 2005 йилда Павел Бенков номидаги Республика рассомлик коллежини тамомлаган. 2012 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Маҳобатли рангтасвир” бўлими магистр босқичини битирган. 2013 йилдан мазкур институтда ўқитувчилик фаолиятини бошлаган. 2010 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Ижодий фаолияти давомида ўз асарлари билан республика миқёсида ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда. Унинг асарлари кўплаб давлатларнинг шахсий коллекцияларида ва Кипр Республикаси Модерн санъат музейида сақланади.

2022-2023 йилларда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси (Олий рассомлик курси)да Ўзбекистон халқ рассоми, академик Баҳодир Жалолов ижодий раҳбарлиги остида сабоқ олди.

А.Ҳамдамовнинг мазкур ҳисобот кўргазмасида маиший, тарихий мавзулардаги асарлар ўрин олган. Рассом ўз асарларида доимо ўз кечинмалари, истаклари, ички ҳолатини акс эттиради. Муаллифнинг барча асарлари ўзига хос динамикага эга. Шу билан бирга персонажларда қарама-қарши, чуқур хотиржам, ўзига бир қадар ишонган образларни кузатишимиз мумкин. Унинг асарларида биринчи ва иккинчи режалар бир-бирига зид эмас, балки бир-бирини уйғун равишда тўлдиради. Матодаги ранг-баранг ҳикоялар инсонга илиқлик бағишлайди.
Кўргазма 26 ноябрга қадар давом этади.
Гулнозa Бобоева, ЎзА