Гап Марс ва Юпитер орасидаги астероидлар минтақасидаги энг йирик жисм — Серера митти сайёраси ҳақида кетмоқда. Халқаро олимлар гуруҳи олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Серера бир пайтлар микроблар учун мос бўлган кимёвий энергия манбаига эга бўлган!
Ердаги каби, иссиқ тоғ жинслари билан тўйинган сув — микроорганизмлар учун ҳақиқий “ҳаёт манбаи” ҳисобланади. Олимлар айнан шундай шароитлар бир вақтлар Серера ичида мавжуд бўлганини аниқлашди.
2018-йилдаги Dawn миссияси Серерада туз, органик молекулалар ва ерости шўр океани изларини топган эди. Энди эса бу кашфиётларга яна бир муҳим жиҳат қўшилди — иссиқлик манбаи ва кимёвий реакция орқали ҳосил бўладиган ҳаёт “ёқилғиси”.
Олимлар моделлаштирган ҳисоб-китобларга кўра, 2,5–4 миллиард йил олдин Сереранинг ядроси радиоактив парчаланиш туфайли қизиган ва бу жараён натижасида сув иситилиб, метан ва карбонат ангидрид билан тўйинган. Булар эса оддий микроорганизмлар яшаши учун керакли шароит.
Ҳозирда Серера совиб кетган, суви музлаб қолган. Аммо ўтмишда у назарий жиҳатдан “ҳаёт деразаси”дан ўтган — яъни ҳаёт пайдо бўлиши мумкин бўлган даврни бошдан кечирган.
Тадқиқотчиларга кўра, бундай сценарий Қуёш тизимидаги бошқа муз жисмларида ҳам бўлиши мумкин. Фақат улар Европа ёки Энселада каби катта сайёраларнинг тортиш кучи ёрдамида эмас, ички радиоактив энергия орқали иситилган бўлиши мумкин.
Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА