Юртимизда ҳар бир фаслининг ўзига яраша таровати, файзи бор. Айниқса, ёз фаслидаги пишиқчилик мавсумининг файзи ўзгача. Айни дамларда юртимиз боғлари пишиб етилган мевалар билан тўкинчиликдан дарак бермоқда. Боғбон соҳибкорларимиз томонидан етиштирилган сархил мевалар бозор расталари ва халқимиз дастурхонларини безаб турибди.
Жавзо ва саратон ойларининг қуёши тафтида тобланган узум, шафтоли, олма каби бир неча хил турдаги сархил мевалар, асад ойида кун сайин болга тўлиб, бозор расталарини тўлдирмоқда. Элимиз дастурхони тўкинчилигини таъминлашга муносиб улуш бўлиб қўшилмоқда. Бухоро туманидаги узум ва мева етиштиришга ихтисослашган “Саховат” ва “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғини боғбон ва соҳибкорлари ҳам айни кунда етилган меваларни бозор расталарига олиб чиқиш, қайта ишлаш ва хориж давлатларига экспорт қилиш юмушлари билан банд.

– Ҳудудимизда 554 та хонадон бўлиб, 3300 нафардан ортиқ аҳоли яшайди, – дейди “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Қиличев. – Маҳалламизда 600 гектар майдон бўлиб, 560 гектар майдон асосан узумчиликка ихтисослашган. Ҳудудимизда катта қўшма корхона мавжуд бўлиб, узумлар қайта ишланиб, тайёр маҳсулотга олиб келинади. Узумларининг 10 фоизи хўраки бўлиб, бозорларга олиб чиқиб халқ дастурхонига тортиқ қилинмоқда. Боғ бўлгандан кейин иш ўрни ҳам бўлади. Мавсум даврида бошқа туманлардан ҳам ишсизлар келиб меҳнат қилади.
“Саховат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Толиб Тоҳир Файз” фермер хўжалиги раҳбари Толиб Раҳматов ҳам тажрибали боғбонлардан. У мана 27 йилдан бери, узум етиштириш билан шуғулланади. Ўз хўжалиги ихтиёридаги 6 гектардан иборат узумзордан ҳар йили баракали ҳосил олади.
– Хўжалигимизда 6 гектар боғимиз бор, – дейди Толиб Раҳматов. – Бир гектар қора кишмиш, қолган ҳаммасида тоифи нави парвариш қилинмоқда. Хўжалигимизда олти киши иш билан банд ва мавсумда ёлланма ишчиларни ҳам қабул қиламиз.
Маҳалла ҳудудидаги боғларда асосан узумнинг қора кишмиш, ҳусайни, тойфи каби хўраки ҳамда Баян шире, мускат, алётко, қоракўз, марварид каби саноатбоп навлар етиштирилади. Бундан ташқари ҳудуддаги боғларда бозоргир шафтоли ва олма навлари ҳам бор. Кекса ва тажрибали боғбон Бахтиёр Жўраев ҳам бугун ўз боғларида етиштирилган шафтолини бозор расталарига чиқариб, элимиз дастурхонига тортиқ қилмоқда.
– Ўн йил бўлди иш бошлаганимга, – дейди Бахтиёр Жўраев. – Лимонли ва турли ҳар хил навларни экиб парваришлаб келамиз. Бу йил узум ниҳолларини ҳам экдик. Қишда дарахт тагларини ағдарамиз, кўчатларнинг тагидаги кераксиз шохларини кесамиз. Вақтида ўғит берамиз. Ҳозирга келиб қишин ёзин қилган меҳнатимиз натижасидаги меваларга боқиб кўзимиз қувнамоқда. Боғбонга бундан ортиқ завқни ҳеч ким беролмайди.
Маҳалла ҳудудидаги “Бухорои Шариф” фермер хўжалиги раҳбари Ботир Шариповни кўпчилик уста соҳибкор сифатида яхши билади. 8,5 гектар ерда деҳқончилик қилаётган Ботир Шариповнинг боғларидаги қора кишмиш, ҳусайни, шибирғони навли узумлар айни кунда етилган. Тажрибали боғбон сархил меваларни ички бозорга олиб чиқиш билан банд. Унинг боғидаги кечпишар тойфи навли узум эса экспортга чиқарилади. Саноатбоп навлар эса қайта ишлаш корхоналарига жўнатилади.

Албатта, узум ва мева етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Ҳудуд миришкорлари эса бу қийинчиликларни ўзларининг меҳнат ва кўп йиллик тажрибаларига асосланиб енгишади. Шу боис, боғ ва токзорлардан юқори ҳосил олиб, қўлга киритилган даромадлар ҳисобидан оилаларининг даромади ошмоқда. Даромад эса ҳар бир оиланинг яшаш шароити, ҳаёт тарзини яхшилашга хизмат қилади.
Тумандаги “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам номига муносиб узум ва мева етиштиришга ихтисослашган ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда ҳам боғбон ва соҳибкорларнинг эрта баҳордан буён қилган меҳнатлари эвазига боғларда мўл-кўл мева етиштирилган. Соҳибкорлик боғбонлар айни кунларда маҳалла ҳудудидаги 600 гектардан ортиқ майдондаги ҳосилни саранжомлаб олиш ишларига катта тайёргарлик билан киришган.
Бу йил “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги боғ ва узумзорларда ҳам ҳосил салмоғи жуда баракали. Албатта, бу бозорларимизда тўкинчиликни, нарх барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда боғбон ва соҳибкорларнинг яхши даромад кўришига ҳам хизмат қилади. Ер эгалари эса ўз меҳнатлари эвазига етиштирилган меваларни харидорларга тортиқ қилишаётганида, даромад топиб, оиласининг тинч-тотувлигини таъминлаётганлигидан хурсанд.
Яна бир эътиборли жиҳат, ҳудудда узум ва бошқа турдаги меваларни сақлаш, экспортга ҳозирлаш учун ҳам етарли шароит яратилган. Бу ерда катта – кичик ҳажмдаги 6 та музлатгичли омборхоналар қурилган бўлиб, улар миришкорлар етиштирган маҳсулотларни қабул қилиб олишга тайёрлаб қўйилган. Тадбиркор Козим Зузуайлов томонидан қуриб ишга туширилган 600 тонналик сиғимга эга музлатгичда хўраки узумлар экспортга ҳозирланмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тажрибали боғбон ва соҳибкорлар томонидан зарур агротехник тадбирларнинг белгиланган муддатларда ўтказилгани, об-ҳавонинг мевалар ривожи учун бир қадар қулай келганлиги ҳосилнинг таъми ва сифат кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатган. Айни кунда миришкор соҳибкорларимиз ўз боғларида етиштирилган узум ҳосилини саранжомлаб олишни бошлаб юборишди.

Кейинги йилларда Бухоро вилоятида аграр соҳанинг бошқа йўналишлари қатори боғдорчилик ва узумчилик тармоқлари ҳам изчил ривожланмоқда. Бу турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари билан банд бўлган ерларнинг ҳажмлари сезиларли даражада ортиб, асосий майдонларга эртапишар, серҳосил ва экспортбоп узум ва мева кўчатларининг экилиши ўз самарасини бермоқда.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида 12 минг 437 гектар мевали боғлар мавжуд бўлиб, шундан 7182 гектари интенсив ҳамда 5255 гектари анъанавий боғлар улушига тўғри келади. Биргина жорий йилнинг ўзида иқтисодий самарасиз ва кам ҳосилли боғлар ўрнига янгидан 2500 гектар мевали боғлар ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Республикада агросаноат соҳасига янги бозор механизмларини жорий этиш ҳамда саноатлашган боғ ва токзорларни барпо қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ушбу майдонлар самарадорлигини бир неча баробарга ошириш кўзда тутилган. Бу каби эътибор эса узум ва мева маҳсулотларининг кўпайишига, сифат кўрсаткичларининг ортишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири