Ҳозирги кунда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга катта эътибор қаратилиб, қуёш панелларини ўрнатган фуқаролар учун давлат томонидан турли дастурлар ва имтиёзлар жорий қилинган. Фарғона вилоятида ҳам кўплаб оилалар қуёш панелларини хонадонларига ўрнатиб, манфаат кўрмоқда.
Учкўприк тумани “Зиғир” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Илҳомжон Ҳамидов ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланиб, ўз хонадонига қуёш панеллари ўрнатди. Натижада у нафақат электр энергияси харажатларини қисқартирди, балки ортиқча қувватни давлатга сотиб, қўшимча даромад ҳам топмоқда.
– Дастлаб мутахассисларга мурожаат қилиб, тавсияларини олдик, – дейди Илҳомжон Ҳамидов. – Шундан сўнг синов учун 20 кВт қувватли қуёш панелини ўрнатдик. Қурилмаларнинг ишлаш механизмини ва электр энергияси ҳисоб-китобини тушуниб олгач, “Қуёшли хонадон” дастурига уландим. Ҳозирги кунда ойига 2-3 миллион сўмгача даромад ола бошладим. Ҳисоб-китобимга кўра, 2 йилда қилган харажатларим тўлиқ қопланиб, соф фойда ола бошлайман.
Ҳозирда Илҳомжон Ҳамидов ўз шахсий эҳтиёжидан ортиқ электр энергиясини давлатга сотиб, қўшимча даромад олмоқда. Унинг айтишича, қуёш панеллари нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки энергия таъминоти барқарорлигини ҳам таъминлайди. Шу боисдан, у келгусида хонадонидаги қуёш панеллари қувватини 100 кВтга етказишни кўзлаб турибди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуёш панелларига сармоя киритиш ўзини оқлайди ва барқарор даромад манбаи бўла олади. Бунга хонадонининг кунлик ва ойлик истеъмолидан ортган электр энергиясини давлатга сотиб, фойда топаётган Илҳомжон Ҳамидовнинг тажрибаси яққол мисолдир.
М.Сулаймонов, ЎзА