Давлатимиз раҳбарининг АҚШга амалга оширган ташрифи мамлакатимизнинг халқаро алоқаларида навбатдаги муҳим сиёсий воқеа бўлди. Олий Мажлис Сенати аъзоси Қувондиқ Санақулов шу ҳақда фикр билдирди:
– Давлатимиз раҳбарининг АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзолари билан ўтказган учрашувлари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этди.
Ушбу учрашувларда икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш, инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш, савдо алоқаларини ошириш, инновацион технологиялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир аниқ таклифлар илгари сурилди.
Парламентлар даражасида ҳамкорликнинг кучайиб бораётгани, хусусан, АҚШ Конгрессида Ўзбекистон бўйича кокус фаолиятининг кенгайгани давлатларимиз ўртасидаги ишончли мулоқотнинг амалий ифодасидир.
Президентимиз томонидан ҳудудлараро алоқаларни кучайтириш масаласининг алоҳида таъкидлангани жуда ўринли. Америка штатларидан – Мичиган, Ғарбий Виржиния, Калифорния ва Монтана билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик вилоятларимизда қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, иқтисодий алмашинувни кенгайтириш, технологиялар ва бошқарув тажрибаларини жалб этиш учун катта имкониятлар яратади.
Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринларини яратиш, ташаббускорлар ва тадбиркорлар учун янги бозорлар очилиши ва ёшлар учун рақобатбардош таълим имкониятларининг кенгайишига хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида минтақавий хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш масалаларида ҳам муҳим фикр алмашди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ва ҳамкорлик тамойилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсий позицияси халқаро майдонда эътироф этилмоқда.
Мазкур ташриф давлатимизнинг халқаро нуфузини оширди, стратегик шерикликни янги сифат босқичига олиб чиқди ва мамлакатимизнинг очиқ, узоқ муддатли ва прагматик ташқи сиёсатининг самарадорлигини тасдиқлади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА