Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар ўртасидаги “Энг яхши ёш китобхон” кўрик-танловининг Андижон вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтказилган танлов очилишига бағишланган тадбирда мазкур танлов фавқулодда вазиятлар тизимида фаолият юритаётган ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, уларнинг китоб ўқишга, адабиётга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти ва тафаккурини юксалтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган танловда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси таркибий бўлинма ҳамда туман, шаҳар бўлимларида хизмат олиб бораётган зукко, билимдон ёш ходимлар иштирок этди.
[gallery-24727]
Танлов иштирокчилари белгиланган шартлар асосида китобхонлик борасидаги билим ва салоҳиятини намойиш этди. Иштирокчиларнинг чиқишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Жалақудуқ тумани ФВБ қутқарувчиси Обиджон Асқаралиев энг юқори балл жамғариб, биринчи ўринни қўлга киритди.
Танловда иккинчи ўрин Балиқчи тумани ФВБ иш юритувчиси Гулшаной Абдуллаевага, учинчи ўрин 26- ёнғин қидирув-қутқарув бўлинмаси қутқарувчиси Абдурашид Одиловга насиб этди.
Ғолиб, совриндор ва иштирокчилар вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари