Наманган шаҳридаги Якка курашга ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчиларидан иборат Наманган вилояти терма жамоаси яқинда Қозоғистон Республикасининг Олма-ота шаҳри мезбонлик қилган “Женис Cup-2025” халқаро турнирида юқори натижаларга эришди.
Татамига чиққан Асадбек Соаталиев, Асадбек Аминов, Муҳаммад Юсуф Турдипўлатов ва Гўзал Абдураҳманова барча рақибларни таслим қилиб, олтин медалларни қўлга киритди. Финалгача бўлган жангларни ғалаба билан тугатган Асадбек Абураҳимов ва Абдулло Нарзуллаев кумуш медалларга муносиб кўрилди. Ярим финалгача етиб келган Ҳожиакбар Абдурасулов якуний натижаларга кўра, бронза медалига лойиқ топилди.


Бу каби мусобақалар АҚШда бўладиган “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинлари олдидан муносиб номзодларни саралашда муҳим аҳамиятга эга. Таэквондочиларнинг ушбу зафарида ака-ука мураббийлар Холмурод ва Маъмуржон Нозимовнинг ҳиссаси катта бўлганлигини таъкидлаш жоиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.