Тожикистон Республикасининг етакчи сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, туризм блогерлари Сурхондарё вилоятида бўлиб, воҳанинг бой туристик салоҳияти билан яқиндан танишди. Вилоятдаги ҳамкасблари билан туристик йўналишда ўзаро ҳамкорлик қилиш учун шартномалар имзолашди.
Меҳмонлар сафарини Сариосиё туманининг диққатга сазовор жойлари, гастрономик туризм ривожланаётган тандир кабоб маркази, “Сангардак” санаторийси ва “Сангардак” шаршараси, янги барпо этилаётган “Сангардак” туризм маркази билан танишишдан бошлади.
[gallery-21974]
Қўшни давлатнинг етакчи туристик компаниялари ва Сурхондарё вилоятидаги сайёҳлик хизмати кўрсатувчи тадбиркорлар ўртасида “Roudshou” ташкил этилиб, B2B форматдаги учрашув ўтказилди. Сурхондарёнинг зиёрат, археологик, тиббиёт, эко, гастрономик туристик салоҳияти акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Учрашувда тожикистонлик туристик компаниялар қўшни давлатдан вилоятга сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш юзасидан шартномалар тузди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва туризм блогерлари воҳанинг бой туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга келишди.
– Сурхондарё вилоятига халқимизда катта қизиқиш бор, – дейди Тожикистон Республикасидаги LLC “Somon Travel” – CEO компанияси раҳбари Умиджон Саидов. – Қадимдан яқин ҳамкор, ишончли дўст бўлиб яшаб келган бу воҳа билан алоқаларимиз янги босқичда юксалаётганидан беҳад мамнунмиз. Ушбу учрашувимиз Сурхондарё вилояти билан сайёҳлик йўналишида борди-келди муносабатларимизни албатта, ривожлантиради. Қадимий бу воҳа бизнинг таассуротларимизни янада бойитди. Бу таассуротларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кенг тарғиб қиламиз.
Учрашувда тожикистонлик ва сурхондарёлик туризм фидойилари 20 дан ортиқ шартнома имзолади.
Сафар якунида меҳмонлар Термиз туманидаги Ҳаким Термизий мажмуаси, “Фаёзтепа” буддавийлик ёдгорлиги, минтақамизда ягона “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан ҳам яқиндан танишди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири