Зиёрат манзиллари
Қашқадарё вилояти Китоб туманига қарашли “Обиканда” МФЙ Катлос қишлоғида шундай бир булоқ борки, суви муздек ва тиниқ. Атрофини улкан ва осмонўпар чинорлар ўраб туради, гўё сув чинорлар остидан сизиб чиқаётгандек таассурот қолдиради кишида. Ичида эса минглаб майда балиқлар сузиб юради. Улар булоқ сувининг доимий тозаланиб туришига хизмат қилар экан. Ушбу балиқларни ов қилиш тақиқланган, боиси уларга илоҳий мақом берилган. Шу ерлик аҳоли вакилларининг таъкидлашича, уларни овлаб истеъмол қилинса, тузалмас дардга чалиниш мумкин.
Ушбу булоқ суви қишин- ёзин қуримайди ва у бутун маҳаллани ичимлик суви билан таъминлайди. Булоқ жойлашган жой “Қўшчинор” зиёратгоҳи деб аталади. У ерда бирор авлиёнинг қабрини кузатмайсиз, лекин шу ерлик кексаларнинг айтишича, қадим замонларда улуғ авлиёлар шу ерда яшаган ва вафот этгач, қабри сир тутилган. Бу авлиёларга хос хислат, дейди улар.
Тумандаги “Китоб сайёҳ” туристик корхонаси бошлиғи, Турон фанлар академияси академиги Аҳад Бердиев бир нечта ҳудуд тарихи билан боғлиқ китобларида ҳам бу ҳақида тўхталгани учун у кишидан ҳам ушбу жой ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилдик.
– Бу ерда қадимда Файлақус Ҳаким исмли киши манзил тутган, – дейди Аҳад Бердиев. – У одам ҳақида тарихий манбаларда деярли бирор маълумот қолмаган. Лекин қишлоқнинг кексаларидан қолган, тилдан тилга ўтиб келган гап-сўзларга таяниб айтсак, Файлақус Ҳаким VIII-IX асрларда яшаб ўтганини тахмин қилиш мумкин. У киши Китоб ҳақида китоб ёзган дейилса, айрим маълумотлар у китоб аслида туш таъбирлари ҳақида бўлганини билдиради. Юқорида бир ғор бор. Ғор деворларидан тўрт фаслда ҳам сув томиб туради. Ичида кичиккина кўли ҳам мавжуд. Файлақус Ҳаким шу булоқ бошида яшаб, шу ғорга чиқиб жон таслим қилгани ҳақида маҳаллий аҳоли орасида ривоятлар юради. Ўша пайтда булоқ бўлганини эътиборга олсак, бу булоқнинг тарихи Муқанна даври ва ундан олдинроққа бориб тақалади.
[gallery-19959]
Аҳад Бердиевнинг таъкидлашича, кейинчалик бу ерларни Шайх Ҳабибуллоҳ исмли киши макон тутади. У одам ўзининг одоби, художўйлиги, маданияти ва муомаласи билан ислом тарбиясини амалда ўз ҳаёти мисолида аҳолига ўрнак бўларли тарзда ўргатган. У киши Хўжагон Нақшбандия тариқатининг улуғ пирларидан ҳисобланади. Қабрлари булоқдан пастда жойлашгани тўғрисида маълумотлар бор.
– Алишер Навоийнинг “Хамса” асаридаги “Сабъаи Сайёр” достонида “Тоғ орасинда бордир бир Кишвар, Номини дерлар Китвар, Анда дурур бутхонаи олий”, “Ани етибон боши кўкка, Остинда дурур бир ғор”, дейди, ўша ғор деворларига саросар кийиклар расми чизилган, шунда тунда тилак қилиб ётсангиз, келур икки андон дейди, андоннинг маъноси руҳ, суврати сизга қараб ниятларини сўрайди, дейди, ниятларингизни айтсангиз ва пастга тушиб шайхдан дуо олсангиз, албатта, ниятларингиз ижобат бўлади, деб ёзади. Алишер Навоий келтирган шайх катта эҳтимол билан Шайх Ҳабибуллоҳ ҳазратларидир, – дейди А.Бердиев.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PxaUUSkMcCE" title="Ziyorat manzillari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Катлос қишлоғининг ҳам ўзига хос ўрганилмаган тарихи бор. Кат сўзи қадим Суғдий тилида қўрғон деган маънони беради. Қишлоқнинг тепа қисмида диққат билан қарасангиз, қадимий иншоотларнинг пойдевори қолдиқларига кўзингиз тушади. Қишлоқ кексалари эса бу ер қадимда шаҳар бўлганлигини, асли Катлос номи Кат Илёс, яъни Илёс шаҳридан қолганини, аммо Илёс исми қайси тарихий шахсга нисбат беришини билишмаслигини айтишади. Уларнинг таъкидлашича, бу ер тарихда обод манзиллардан бири, ўз карвонсаройлари, бозорлари бўлган. Аммо кейинчалик аҳолининг яшаш манзиллари кенгайиб, шаҳар бор тароватини йўқотган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари