Аввал хабар берганимиздек, Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш Ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги ХХ сессиясида Ўзбекистон Республикасидан тақдим этилган “Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати” (миллий) номзоди ЮНЕСКОнинг зудлик билан муҳофазага олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос элементлари рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарори бир овоздан қабул қилинган эди.
Нью-Деҳли шаҳридан яна бир хушхабар келди. Мазкур сессияда қорақалпоқ ўтови ҳам ЮНЕСКОнинг зудлик билан муҳофазага олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос элементлари рўйхатига киритилди. Ушбу халқаро миқёсдаги эътироф анъаналаримизнинг нақадар теранлиги, маънавий меросимизнинг қудрати ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликни тасдиқлайди.
Таъкидлаш жоизки, ўтов - қорақалпоқ халқининг бунёдкорлик маданияти, уй-жой қурилиши ва меъморчилик билимлари жамланган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маданий меросидир. У 6,8,12 қанотли бўлиб, бошқа халқлар ўтовларидан ажралиб туради. Албатта, ЮНЕСКО сессияси давомида “Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати” ҳамда қорақалпоқ халқининг ўтови ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилгани халқимизнинг кўнглини чексиз қувончга тўлдирмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири