Сариосиё туманидаги Янгиҳаёт маҳалласида яшайдиган Суҳроб Фаттоев ўз уйи яқинидан оқиб ўтувчи Харкуш дарёси қирғоғида толиқиб қолган қора лайлакка дуч келди.
Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган ноёб қушни табиат жонкуярларига топшириб, ҳаётини сақлаб қолишга аҳд қилди.

Сурхондарё вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассисларининг айтишича, қора лайлак юртимиздаги энг ноёб ва муҳофазага муҳтож қушлардан бири бўлиб, табиий яшаш муҳитида камдан-кам учрайди.

Тезкор чақирув асосида воқеа жойига зудлик билан етиб борган вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг назорат инспекцияси, Миллий гвардия вилоят бошқармаси, Термиз ҳайвонот боғи вакиллари, ветеринария мутахассислари қушни қабул қилиб олди.
Айни пайтда ноёб қуш Термиз ҳайвонот боғида мутахассислар назорати остида вақтинча сақланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири