Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Косари” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида улоқ-кўпкари мусобақаси бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур кўпкари мусобақаларида республиканинг деярли барча вилоятларидан келган 400 дан зиёд моҳир чавандозлар иштирок этди.


Ўн минглаб томошабинлар кўз ўнгида кечган кўпкари мусобақасининг яккалик курашларида икки марра ўртасида бориш ва қайтиш учун алоҳида солим солинди. Соврин учун 5 бош туя, 5 бош той, 10 бош ҳўкиз, 15 бош қўчқор, 20 бош така, маиший техника воситалари ҳамда вилоят ҳокимининг бош соврини – Cobalt автомобили тикилди.

Бош соврин учун курашда ромитанлик Козим полвон ўзининг “Қора дельфин” лақабли отида иштирок этиб ғолиб бўлди. Автомашина калитини вилоят ҳокими Ботир Зарипов тантанали равишда топширди.
Зариф Комилов, ЎзА