“Ўзэнергоинспекция” ва Корея энергетика агентлиги вакиллари ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Маҳаллий мутахассислар ва “Hyundai Power Systems”, “Quantum Solution”, “Aquapro” ва “KEC System” компаниялари вакиллари иштирок этган тадбирда “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи Илҳом Неъматуллаев, Корея энергетика агентлиги ижрочи директори Ким Сун Ван томонлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш энергетика соҳасининг барқарор ривожида муҳим омил бўлишини қайд этди.
Учрашувда мамлакатда биомассадан фойдаланиб, когенерация лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари, технологик ҳамкорлик йўналишлари ҳақида муҳокама қилинди.
Ким Сун Ваннинг қайд этишича, Корея энергетика агентлиги (Korea Energy Agency, KEA) энергетика самарадорлигини ошириш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва экологик тозаликни таъминлаш мақсадида фаолият юритувчи давлат ташкилоти ҳисобланади.
– Агентлик мамлакатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, углерод чиқиндиларини камайтириш ҳамда энергия бозорларини тартибга солиш йўналишларида кенг қамровли ишлар олиб боради. Шунингдек, KEA халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ва таълим дастурлари орқали ҳам ўз тажрибасини бошқа мамлакатлар билан ўртоқлашиб келмоқда. Ўз навбатида, Корея Ўзбекистон билан энергетика соҳасида ҳамкорликни алоҳида қадрлайди. Биз биомасса йўналишидаги пилот лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш ниятидамиз,– деди у учрашув чоғида.
Тадбирда таъкидланганидек, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри яқинида биомасса асосида пилот лойиҳа амалга ошириш ва уни 2030 йилга қадар якунлаш кўзда тутилган. Шунингдек, “Ўзэнергоинспекция” ходимлари учун Корея энергетика агентлиги томонидан ташкил этиладиган малака ошириш курсларида иштирок этишни фаоллаштириш чоралари ишлаб чиқилган.
– Учрашувда биз икки томон ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзолаш масаласини ҳам кўриб чиқдик. Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилувчи навбатдаги қадам бўлди. Албатта, инспекция фаолиятида хорижий тажриба жуда муҳим. Малака ошириш курсларида иштирок этиш, технологик ечимлар билан танишиш ходимлар салоҳиятини оширади”, –дея таъкидлади И.Неъматуллаев.
Тадбир якунида томонлар ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни тизимли ташкил этишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА