Қўқон ўзининг тарихий обидалари-ю, ҳунармандчилик шаҳри экани, илм-фан марказига айлангани ва мамлакатнинг йирик саноатлашган ҳудуди бўлгани билан машҳур. Аммо сўнгги йилларда Қўқон ривожланган тиббиёт шаҳрига айланди. Бу ерда 659 нафар юқори малакали, жумладан 365 нафар тоифали шифокорлар хизмат қилмоқда. Портатив рентген, флюорография, EGDFS, VTT, EKG каби аппаратлар ҳар бир шифо масканида мавжуд. Таҳлил лабораторияларининг ўзида 450 дан зиёд анализатор жиҳозлари ишлаб турибди. Буни биргина Қўқон шаҳридаги шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси мисолида ҳам кўриш мумкин.
– Сўнгги йилларда шифохонамизга жуда кўп тиббий жиҳозлар олинди. Айниқса, ташхис қўйиш ускуналари замонавий русумдагиларига алмаштирилди. Ҳатто рақамли наркоз бериш аппаратларигача янгиланди, – дейди Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси бош шифокори Баҳодир Назаров. – Ангиографнинг келтириши эса шифохона учун катта воқеа бўлди. Умуман, Қўқон тиббиётида катта ўзгаришлар рўй берди.

Ўзгаришлар эса жуда тез натижа берди. Замонавий тиббий техник воситаларни қўллаган малакали шифокорлар ноёб амалиётларга ҳам қўл урди.
Буйрак кўчириш билан боғлиқ муаммоли беморлар узоқ йиллардан буён Тошкент шаҳрига ёки хорижий мамлакатларга боришга мажбур бўлар эди. Мана икки йилдирки, бу мураккаб жарроҳлик амалиёти Қўқон шаҳрида йўлга қўйилди. Бугунгача ўндан ортиқ беморда буйрак кўчириб ўтказилди ҳамда уларнинг барчаси соғлом ҳаётга қайтган.

Шифохонада яна бир янгилик рўй берди. Энди юрак – қон томир касаллиги бўлган беморларда юрак хуружи тутган чоғидаёқ шу ерда жарроҳлик амалиётига ётқизилади. Бунинг учун шифохонага Ангиограф ускуналари олиб келинди.
– Ўткир юрак қон томир касалликлари, яъни инфаркт, инсультларда вақт чегараланган бўлади. Дастлабки 6-8 соатда керакли амалиёт ўтказилса бемор ҳаётини сақлаб қолиш ёки ногиронликдан асраш мумкин, – дейди эндоваскуляр жарроҳ Мубоширхўжа Хайруллаев. – Биз икки ой ичида етмишдан ортиқ шунақа беморларда тезкор жарроҳлик амалиёти ўтказдик ва уларнинг аҳволи ҳозирда яхши.

Қон томирларига стенд қўйиш, яъни кенгайтириш амалиёти учун малакали мутахассислар керак эди. Бу масала шифохонага ангиограф олиниши баробарида ҳал этилди.
– Ҳозирда ангиография бўлимида мутахассислар масаласида муаммо йўқ. 3 та шифокор шу йўналишда республиканинг етакчи клиникаларида малака ошириб келганмиз. Ва шу кўникмаларни ангиография бўлимида татбиқ қиляпмиз, – дейди Мубоширхўжа Хайруллаев.

– Етмишдан зиёд беморларга ташхис қўйилди ва амалиёт ўтказдик. Аввал-чи? Унда ташхис қўйиларди-ю, даволай олмасдик, марказ ёки хорижга боришни тавсия этардик. Чунки зарур тиббий жиҳоз, ускуналар, замонавий аппаратлар йўқ эди, – дейди бош шифокор.
Қўқондаги биргина шу шифохонада иккита буйрак етишмовчилиги беморлари учун қон тозалаш ускунаси ишлаб турибди. Таҳлил лабораторияларига эса сўнгги русумдаги жиҳозлар қўйилган. Ҳаммаси инсон учун, унинг саломатлиги учун шиори остида фаолият юритяпти.
– Агар шифохонамизга юрак – қон томир касаллиги бўлган беморлар шошилинч тарзда олиб келинса, инсульт, инфаркт аниқланса, уларга стенд қўйиш бепул амалга оширилади,– дейди Баҳодир Назаров. – Бизнинг имкониятимиз ҳам, режаларимиз ҳам катта. Энди жигарни кўчириб ўтказиш амалиётини йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/X3UTCL99y8I?si=PAWOjpXuAT-uQMc-" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов