Миллий иқтисодиётимиз хавфсизлиги ва жамиятда соғлом турмуш тарзини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда тезкор рейд тадбирларини ўтказиб келмоқда.
Хусусан, яқинда вилоят ҳудудига контрабанда йўллар орқали олиб кирилган, рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган ва акциз маркалари билан қадоқланмаган тамаки маҳсулотлари ва дори воситаларининг ноқонуний айланишининг олди олинди.

“Наманган – Сурхондарё” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси тезкор маълумот асосида Чуст туманида тўхтатилди. Ташқаридан оддий юк машинасига ўхшаган бу воситада юкхона кўздан кечирилганида, турли товарлар орасига яширилган 3 минг 350 қути тамаки маҳсулотлари ва 20 турдаги 1 минг 105 қути тиббий дори воситалари топилди.
Иккинчи ҳолат эса Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг яшаш хонадони тегишли тартибда кўздан кечирилганида, ертўладан жами 9 минг 220 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди. Тезкор маълумотга асосан ташкил этилган яна бир тадбирда, Наманган шаҳри ҳудудида фуқаро бошқарувидаги транспорт воситаси тўхтатилди. Холислар иштирокида амалга оширилган текширувда юкхонада жами 1 минг 650 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Текширув жараёнида барча товарлар муқаддам айланма йўллар орқали мамлакатга олиб кирилгани, ҳеч қандай ҳужжатлар ва акциз маркалари мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси қонунларини четлаб ўтиб, мўмай даромад топаман, деб ўйлаган шахслар ниятига етолмади. Айни пайтда ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.