Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги тантанали равишда нишонланди.
Жиззах шаҳрининг Анжуманлар саройида бўлиб ўтган ушбу байрам тадбири мамлакатимиз ҳаётида Конституциянинг ўрни ва аҳамиятини яна бир бор ёритиш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга қаратилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фахрийлар, зиёлилар, меҳнат фаоллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Унда сўз олган вилоят раҳбари республика Бош қомусининг 33 йиллиги байрами билан барча тадбир иштирокчиларини самимий муборакбод этиб, конституциямизнинг мамлакат мустақиллиги учун мустаҳкам ҳуқуқий асос эканини таъкидлади.
Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, давлат ва жамият ўртасида барқарор ҳуқуқий муносабатларни шакллантиришда Асосий қонуннинг беқиёс ўрни борлигини қайд этди.
Шу билан бирга, Конституцияда белгиланган меъёр ва тамойиллар Янги Ўзбекистон тараққиёти, демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
[gallery-26611]
Тадбирнинг маданий қисми кўтаринки руҳда ўтди. Маҳаллий санъаткорлар ва маданият жамоаларининг куй-қўшиқлари, ватанпарварлик мавзусидаги бадиий чиқишлари иштирокчиларга юқори кайфият улашди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА