Аждодларимиздан мерос бой илмий, маънавий-маърифий манбаларни, қўлёзма асарларни сақлаш, анъанавий амалий санъат намуналарини ўз ҳолича асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш ушбу йўналишдаги тажрибали мутахассислардан алоҳида маҳорат ва ёндашувни талаб этади. Бир неча асрларга бориб тақаладиган ноёб қўлёзма асарларни зиён етказмасдан сақлаш ва таъмирлашнинг ўзига хос усуллари бор, албатта. Бу усулларни пухта эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш ва тажрибасини бойитиб бориш долзарб аҳамиятга эга.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти вакилларидан иборат делегация Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТИКА билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида “Қўлёзма асарларини сақлаш ва анъанавий амалий санъат” мавзусидаги ўқув дастурида иштирок этди.

Ўқув дастури Туркия қўлёзмалар идорасига қарашли РАМИ кутубхонасида ташкил этилди. Ўқув машғулотлари давомида “Кутубхона ва архивларда профилактик ҳимоянинг таърифи ва аҳамияти”, “Қўлёзмаларда кўрилган зарарларни аниқлаш”, “Қўлёзма асарларни сақлаш ва анъанавий амалий санъат”, “Китобларни сақлаш, муҳофаза қилиш”, “Кўргазмада ишлатиладиган сақлаш чоралари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Дастур доирасида Сулаймония қўлёзмалар кутубхонасига ҳам ташриф буюрилди. Делегация вакиллари кутубхонанинг биология ва кимё лабораториясида бўлиб, қўлёзмаларни сақлаш ва таъмирлашдаги жиҳозлар ҳамда фонд билан танишди.

Ушбу ўқув дастури доирасида делегация аъзолари жами йигирмадан ортиқ назарий ва амалий машғулотларда иштирок этиб, бириктирилган мутахассис ҳамда кутубхонада фаолият юритаётган 10 нафарга яқин реставраторлар билан ўзаро тажриба алмашди.
Бир ҳафта мобайнида юқори даражада ташкил этилган ўқув дастури якунида ТИКА ташкилоти масъуллари ва РАМИ кутубхонаси раҳбарияти томонидан баҳолаш ўтказилиб, институтнинг профессор-ўқитувчилари махсус сертификатлар билан тақдирланди.
ТИКА ташкилоти ҳамда РАМИ кутубхонаси раҳбарияти ва мутахассислари келгусида бу каби тажриба алмашиш учун катта имконият яратувчи дастурларни ташкил этиш лозимлигини таъкидлади. Дастур давомида олинган билим ва кўникмалар ўқув жараёнига янгиликларни татбиқ этиш, малакали кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА