Мотивация!
«Агар кимдир бир ишни қилган бўлса, сен ҳам қилишинг мумкин! Лекин ҳеч ким қилмаган бўлса, уни, албатта, сен қилишинг керак!»
Бу «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби, бир пайтда ҳам қўлида, ҳам оёғида ноодатий суратлар чизиб, кўпчиликнинг эътиборига тушган рассом, санъатга ҳаётини бағишлаган ижодкор Шоҳрух Суюновнинг ҳаёт ва ижод йўлида танлаган шиоридир.
Рассомчилик йўлида кўпгина қийинчиликларга дуч келган, атрофидагиларнинг «бу соҳада тирикчилик қилиб бўлмайди» деган дашномларига қарамай, ўзи танлаган йўналишда эътибор ва эҳтиромга сазовор бўлган бу йигитнинг ижоди ҳақида кўпчиликнинг хабари бўлса керак. Ноодатий портретлар чизиб, инсонларни санъат орқали ҳайратга солишни мақсад қилган Шоҳрух бугун бу ниятларига эришмоқда.
1998 йил 20 июлда Навоий вилояти Нурота туманида, педагоглар оиласида туғилган Шоҳрух Суюнов биз билан суҳбатда рассомчиликка бўлган қизиқиши болалигидаёқ бошланганини айтди:
— Болалигимда илк бор қизил ручкада шифокор суратини чизганман. Отам менда санъатга меҳр ва иштиёқ борлигини сезиб, доим қўлладилар, йўл кўрсатдилар. Санъатга бўлган иштиёқим мени Навоий вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаби, кейинчалик Навоий маданият ва санъат коллежига етаклади. 2023 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг бакалавр йўналишини тамомлаб, ҳозирда ушбу олийгоҳнинг магистратура босқичида таҳсил оляпман. Ўқиш билан бирга ўз шахсий "Suyunov Art Studio" ўқув марказимни йўлга қўйиб, санъатга қизиққанларга билим беришга, ўзимда борини ўргатишга ҳаракат қиляпман.
Санъат орқали инсонларни ўйлашга, жамият муаммоларига эътибор қаратишга ундашга ҳаракат қиламан. Ижод – бу нафақат чизиш ёки яратиш, балки муаммоларга ечим топиш, ҳаётга янги нигоҳ билан қараш. Мақсадим санъат орқали инсонларни илҳомлантириш, уларга янги имкониятлар эшигини очиш ва бу соҳада янги тарих ёзиш! Бугунга қадар эришган ҳар бир муваффақиятимнинг сабабини ота-онамнинг дуоларида деб биламан.
Ижодим давомидаги энг қадрли асарларидан бири – устоз Шерали Жўраевнинг «Биринчи муҳаббатим» қўшиғи матнидан фойдаланиб, у кишининг портретини чизишим бўлди. Бунга 12 соат вақт сарфлаганман. Энг машаққатли ижодим эса ип ёрдамида портрет чизиш бўлди. Бунга 16 соат вақт сарфладим. Натижада қўлим бир кун ишламай қолди. Лекин санъат фидойиликни талаб қилади.
Бундан ташқари, ижодий имкониятларимни намоён этиш учун Россиянинг «Ажойиб одамлар» лойиҳасида иштирок этдим. Бу лойиҳа мен учун катта тажриба бўлди. Чунки унда икки қўлим ва икки оёғим билан бир пайтда расм чиздим. Бу нафақат менинг ижодий қобилиятим, балки инсоннинг имкониятлари чексиз эканини исботловчи далил бўлди, — дейди ёш ижодкор.
Шоҳрух рассомликдан ташқари, интеллектуал ўйинларга ҳам қизиқади. “Заковат” интеллектуал ўйини, рубик-кубик йиғиш, бестселлер китобларни мутолаа қилиш ва футбол ўйнаш унинг севимли машғулотларидан. 3х3 кубикни икки қўлда 15 сонияда, бир қўлда 20 сонияда йиғиб, шахсий рекордини кўрсатган. У WCА (World Cube Association) аъзосидир.

Ёш ва истеъдодли рассом Президент қўлидан «Мард ўғлон» давлат мукофотини олган кунини ҳаётидаги энг шарафли кунлардан бири сифатида эслайди. Бундай шарафга эришгани уни янада илҳомлантирди, янги мақсад ва марралар сари етаклади.

Шоҳрух Суюнов мақсадга эришиш йўлида ўз тенгдошларига мурожаат қилар экан, инсон аввало, ўзига ишониши ва доимий ҳаракатда бўлиши кераклигини таъкидлайди:

— Инсон орзуларини ҳеч қачон кичик санамаслиги керак. Бирор мақсадни олдингизга қўйдингизми, албатта, унга эришиш мумкин. Атрофдагиларнинг фикри, «бу мумкин эмас» деган гаплар инсонни тўхтата олмаслиги лозим. Чунки синаб кўрмасанг, ҳақиқатни билмайсан.

Ижод – бу ўз йўлингни топиш, бошқаларга тақлид қилиш эмас. Шунинг учун ташаббус кўрсатиш, янгилик киритишга интилиш лозим. Ҳар қандай қийинчилик – муваффақият калити! Энг катта натижаларга етказадиган нарса бу сабр ва ҳаракатдир. Ҳар бир ёш, аввало, ўзига ишониши керак. Чунки сен ўзингга ишонмасанг, ҳеч ким сенга ишонмайди. Санъат орқали инсонларга таъсир қилиш энг кучли қуролдир. Ижод билан дунёни ўзгартириш, эзгуликларни тараннум этиш йўлида изланишдан тўхтамаслик лозим.


Дарҳақиқат, бугун Шоҳрух Суюнов сингари иқтидор ва истеъдод эгалари юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар самараси ўлароқ, ўзини намоён этмоқда. Ўзбекнинг мард ўғлони Шоҳрух ҳам ўз йўлини топиш ва бу йўлда ўзини кўрсатиш баробарида тенгқурлари ва ёш авлод вакилларига ҳам санъат ва ижод сир-асрорларини улашаётгани таҳсинга лойиқ.
Муҳтарама Комилова, ЎзА