“Қизлар форуми” қизларни янги ғоя ва ташаббусларга руҳлантирди
Хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларни янги ташаббус ва ғояларга илҳомлантириш ҳамда ижтимоий ҳаётдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида Сирдарё вилояти Ёшлар марказида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Қизлар форуми” ташкил этилди.
Вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилган мазкур форумда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган фаол ва ташаббускор қизлар, “Қизлар овози” клуби координаторлари, шунингдек Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этишди. Тадбир давомида иштирокчилар ўзаро мулоқот қилиб, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар, таълим ҳамда ижтимоий фаолликни ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Форумни очиб берган вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамов ўз нутқида мамлакатимизда давлат раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлови остида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, ёш қизларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашда бундай форумлар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Тадбирда сўз олган “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти совриндорлари — Занжилой Абдусаломова ҳамда Жасмина Шералиева ўзларининг ҳаётий тажрибалари, эришган ютуқлари ва муваффақият сари босиб ўтган йўллари ҳақида сўзлаб беришди.

Форум доирасида ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилиб, иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириш имконига эга бўлдилар.

Тадбирнинг бадиий қисми ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Вилоятнинг иқтидорли ёш хонандалари ижросидаги қўшиқлар ҳамда болалар рақс жамоаларининг жонли ва ранг-баранг чиқишлари форумга байрамона кайфият бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА