Сурхондарё вилоятида ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан таъмирланган Қизириқ агротехнологиялар техникумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда қишлоқ ва сув хўжалиги каби мамлакат иқтисодиёти учун муҳим бўлган тармоқларда профессионал таълим тизимини замонавийлаштириш ва такомиллаштириш бўйича ҳамкорликда қилинган ишлар намойиш этилди.

Бугунги кунда Қизириқ агротехнологиялар техникумида 300 дан ортиқ талаба таҳсил олади. Техникумда 17 та махсус квалификацияга эга бўлган кенг қамровли ўқув дастурлари киритилган.
Муассаса қишлоқ хўжалиги тракторлари ва агрегатлари, АКТ ускуналари ва музлатгичлар каби муҳим ресурслар билан жиҳозланди.

Тадбир иштирокчилари учун коллеж бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Кенг кўламли таъмирлаш ишлари, жиҳозлар ва бу ўзгаришлардан бевосита баҳраманд бўлаётган ўқитувчи ва талабалар билан мулоқот қилинди.

Маълумот учун, 2020 йилдан буён ЮНEСКО Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида профессионал таълимни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда Ўзбекистон етакчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Стратегия бошқарув ва сиёсатни ислоҳ қилиш, квалификацияни модернизация қилиш ва сифатли профессионал таълимдан фойдаланиш имкониятларини оширишга қаратилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА