
Шу кунларда Паркент туманининг табиати ўзгача тус олган. Изғиринли кунлар ўрнини қуёшли кунлар эгаллашини кутган барча инсонлар дам олиш ниятида қир-адирлар томон ошиқмоқда. Ана шундай табиати билан барчани ўзига томон чорлаган гўшалардан бири бу Қизилтоғ адирликларидир.
Бу ҳудуд борган сари Тошкент вилоятидаги муҳим туризм манзилларидан бирига айланмоқда. Шунинг учун ушбу табиатни асраш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда катта плоггинг акцияси ташкил этилди.


– Тадбиримиз туфайли кўплаб ёшлар табиатни соф ҳолда сақлаш учун фаол ҳаракат қилганини кўрдик. Унда мингдан ортиқ фаол ёшлар, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда волонтёрлар иштирок этиб, тоғлар атрофи ва адирликларни чиқиндилардан тозалади. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Қизилтоғнинг асл гўзаллигидан баҳра олишда ҳам ўзига яраша гашти бор. Истардикки, бу каби сўлим манзилларга келаётган инсонлар атрофга чиқинди ташламаса. Акция давомида она табиат бағридан 1 тоннадан ортиқ чиқинди олиб чиқилди. Жараёнда уларнинг барчаси сараланиб, қопларга жойланди ва махсус пунктга юборилди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Нодир Ҳожиев.


Тадбир давомида миллий қадриятларни тарғиб қилиш мақсадида турли маданий ва спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.
Хусусан, ош чемпионати, миллий ўйинлар, варрак сайли ва спорт мусобақалари тадбир иштирокчиларига унутилмас таассуротлар улашди. Айниқса, ёшларнинг миллий либосларда қатнашиши ва варрак сайли тадбирга алоҳида файз бағишлади.


А.Мусаев, ЎзА