Бугунги мураккаб глобал иқтисодий шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — дунё миқёсида энг долзарб масалалардан бирига айланди. Шу боис мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, етиштирилаётган маҳсулот ҳажмини ошириш ва аграр соҳада янги иш ўринларини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар деҳқон ҳамда фермерлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.
Жумладан, 2025 йил 19 мартдаги тегишли фармонга мувофиқ, фермер хўжаликларининг солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланган пенялар ҳисобдан чиқарилди, ижро ишлари тўхтатилди. Шунингдек, 2025 йил 28 мартдаги қарорга асосан, пахтадан гектарига 50 центнер, ғалладан 80 центнердан юқори ҳосил олган фермерларга бир қатор имтиёзлар жорий этилди.
Хусусан, ижарага олинган ерларнинг 25 фоиз қисмига алмашлаб экиш ҳуқуқи берилди. Бунда чорва озуқаси, сабзавот, мойли экинлар етиштиришда ер солиғи бўйича базавий ставка 3 баробаргача камайтирилиши мумкин. Президентимизнинг 2025 йил 8 апрелдаги қарори билан ер майдони 5 гектардан кам бўлмаган хўжаликларга ўз ерларининг 1 фоизига (20 сотихдан ошмаган ҳолда) музлаткичли омборхона, қайта ишлаш, қадоқлаш ва сув тежовчи технологиялар ўрнатишга рухсат берилди.
— «Эрта эккан — эрта ўради» деган бободеҳқонлар нақлини унутмадик. Апрель ойидаги агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, чигитни эрта ерга қадаш орқали юқори ҳосилга замин яратдик, — дейди Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги «Хоразм фахри» фермер хўжалиги раҳбари О.Қурбонов. – Жорий мавсумда, яъни пахтадан юқори ҳосил олиш учун апрель май ойларида эълон қилинган «Долзарб бир ойлик»да фермер хўжалигимиз 95,7 гектар майдонда маҳаллий чигит, 13,9 гектарда эса Хитой навларини экишни ташкил қилди. Ғўза майдонларининг ҳар гектарига 300 кг азотли, 200 кг калий ва 400 кг фосфорли ўғитлар солинди. Шу билан бирга, фермер майдон четларига сабзавот, полиз ва мойли экинлар, шу жумладан кунгабоқар ва маккажўхори экиб, ердан унумли фойдаланиш тизимини йўлга қўйди. Пахта даласига зараркунандалар кириб келмаслиги учун уларга қарши биологик усуллар ҳам қўлланилди. Бунинг учун гектарига 1000 дона меъёрда «олтинкўз» биомаҳсулоти тарқатилди, дала бегона ўтлардан тозаланди, олтингугурт ва ИСО қайнатмалари билан профилактик ишлов берилди.
Самарали агротехника ва меҳнат натижасида фермер хўжалиги бу йилги мавсумда пахтанинг маҳаллий навларидан гектарига 45 центнер, хорижий навларидан эса 75 центнер ҳосил олинди.
– Худо хоҳласа, бу йил фақат пахта маҳсулотидан бир миллиард сўмдан ортиқ даромад олишни режалаштирганмиз, — дея таъкидлайди О.Қурбонов.
Хоразмлик фермернинг тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, давлат томонидан яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиш, ерга меҳр билан ёндашиш ва инновацион агротехника усулларини қўллаш орқали ҳар қандай қийин шароитда ҳам юқори натижага эришиш мумкин.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА