Маълумки, юртимизда қишлоқ хўжалиги драйвер соҳалардан бири ҳисобланади. Қуёшли ўлкамизда пишиб етиладиган ноёб таъм, хушбўй ҳидга эга мева-сабзавотларимиз дастурхонимиз кўрки бўлибгина қолмай, экспорт қилиш ва валюта тушумларини кўпайтиришда каттагина имконият ҳамдир. Фақат бор имкониятдан фойдаланиб, юқори сифатли, жаҳон стандартлари асосида маҳсулот тайёрлаш, бўш турган ерларни экиб, мева-сабзавотларнинг ҳажмини оширишнинг ўзи кифоя.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 31 июль куни қишлоқ хўжалигида космик маълумотлардан фойдаланиш ва рақамлаштириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, “Ўзбеккосмос” агентлиги икки йил мобайнида соҳада фойдаланилаётган 4 миллион гектардан зиёд ерлар космик мониторинг қилинганда ҳисоботларда кўрсатилган айрим майдонларда пахта экилмагани, захирадаги ёки эгаси номаълум ерлар борлиги аниқланган.
Йиғилишда айтиб ўтилганидек, дала четларидан ҳам самарали фойдаланиш экспорт имкониятларимизни кенгайтиради.
Хуллас, эндиликда қишлоқ хўжалигида мутлақо янги тизимга асос солинмоқда ва бу тизим бободеҳқонларимиз манфаатдорлигини ошириши, маҳсулот етиштиришни кўпайтириши ва экинларни жойлаштиришни тартибга солиши кутилмоқда.
Соҳадаги ўзгаришлар, янгиликлар, ушбу йиғилишнинг аҳамияти хусусида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти илмий ходими, Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Фаҳриддин Расулов билан суҳбатлашдик.
- Куни кеча Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг соҳада қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
- Ушбу видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз томонидан соҳани янада ривожлантириш бўйича кўплаб таклифлар, тавсиялар, ва топшириқлар берилди. Асосий мақсад Ўзбекистонда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, фойдаланилмаётган имкониятлардан кенг фойдаланиш, деҳқонларимизга шароитларни кенгайтиришдан иборат. Айниқса, шу куни иссиқхоналардан самарали фойдаланиш масаласи кун тартибига кўтарилди.
Хабарингиз бор республикамизда иссиқхоналарнинг майдони кенгаймоқда. Шу билан бирга ишламай турган иссиқхоналар ҳам бор эди. Иссиқхонадан самарали фойдаланишда албатта ҳар хил омилларга боғлиқ бўлади ва шу ўринда муаммоли масалалар деҳқонларимизга ечиб берилса ерлардан фойдаланиш самарадорлиги ошади. Иссиқхонани иситишда табиий газдан фойдаланишда кенг имкониятлар яратилди ва иссиқхоналар учун газга уланишга рухсат берилмоқда.
Очиқ майдонга нисбатан иссиқхонада маҳсулот етиштириш, айниқса совуқ мавсумда, деҳқончиликда юксалишга олиб келади. Бозорларимиз тўкин бўлади, соҳада ривожланишга туртки бўлади.
Масалан, очиқ майдонда помидордан гектаридан 35 тонна олинса, иссиқхонада 120 тонна ҳосил олиш имкони бор. Боз устига иссиқхонада етиштирлган маҳсулот очиқ майдонникига қараганда бозорда нархи қимматроқ ва экспортбоп ҳисобланади. (давоми видеода)
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/veR8UJID5mU?si=F85k_YAIRyqFt0Dy" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА