Пойтахтимизда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ва Эрон Ислом Республикасининг қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи “Sirang”, “Namino Group”, “Sabz Koosh”, “Sabzkoosh Negin”, “Beruzmart” ва “Sirang UAV” компаниялари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори, академик Шодмон Намозов делегация вакилларига мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янгиликлар, эришилган янги натижалар ҳамда марказ ва унинг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Жумладан, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази мамлакатимиз аграр соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориши, шунингдек, марказ ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида агрохизматлар маркази орқали билим ва инновациялар бевосита ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши натижасида самарали ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Музокараларда қишлоқ хўжалигида замонавий техника ва инновацион ечимларни жорий қилиш, икки томонлама ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Эрон компаниялари вакиллари учрашув доирасида ўзлари таклиф қилаётган хизмат турлари, техникалар ва ҳамкорлик мазмунини тақдимотлар асосида баён қилдилар.

Шу билан бирга, учрашувда делегация аъзолари агрокластерлар вакилларига ўзларининг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги фаолиятлари ҳақида тақдимотлар асосида батафсил маълумот бердилар.
Агрокластерлар вакиллари учун Эрон компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган кичик қишлоқ хўжалиги техникалари ва агродронлар мавзуси алоҳида қизиқиш уйғотди. Улар ушбу техника ва технологиялар борасида ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита ишлаб чиқарувчилардан жавоб олдилар. Технологияларни харид қилиш ва бу борадаги ҳамкорлик юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, замонавий лабораториялар ва иссиқхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Гулноза Бобова, ЎзА