“РИА Новости” агентлиги Бишкек шаҳри Первомайский тумани суди матбуот хизмати маълумотига таяниб ёзишича, Қирғизистонда ҳибсга олинган “Россия уйи” ходими Наталья Секеринага нисбатан эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилди.
– Айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси терговчи илтимосига биноан уй қамоғига ўзгартирилди, – дейилган хабарда. Яна бир судланувчи С.В.Т. иши бўйича ҳам уй қамоғи ҳукми чиқарилган. Маҳаллий матбуот бу киши республика жанубидан келган тадбиркор Владимир Сиротенко эканини ёзган.
Апрель ойи ўрталарида қўшни давлатда россиялик блогер Виктор Васильев ва Бишкекдаги Рус уйи ходими Наталья Секерина қўлга олинган эди. Улар хориждаги қуролли можароларда қатнашиш учун ёлланма аскарларни жалб қилишда иштирок этганликда гумон қилинмоқда. Қонунга кўра, бундай жиноят учун ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган. Суд ҳар икки гумондорни 17 июнь, яъни тергов давом этгунга қадар ҳибсда сақлайди. Республика ОАВ ёзишича, бу ишда номи қайд этилган яна икки фуқародан бири Ўш шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати ходими.
Ўтган жума куни Россия элчиси ва Қирғизистон хавфсизлик хизмати раҳбари Қамчибек Ташиев ўртасидаги суҳбатдан сўнг тергов Секеринага нисбатан эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш мумкинлиги бўйича масалани кўриб чиққани маълум бўлди. РФ элчихонаси хабарига кўра, Қирғизистон махсус хизматларининг “Россия уйи” муассасига қарши ҳеч қандай даъвоси йўқ ва ходим ҳибсга олиниши “Россотрудничество”нинг мамлакатдаги бўлими фаолияти билан ҳам боғлиқ эмас.