Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга келди.
Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Эслатиб ўтамиз, саммит кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга оширишда юқори натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 70 фоизга ошган. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, хусусан, қўшма Инвестиция жамғармаси кўмагида саноат кооперацияси муваффақиятли ривожланмоқда.
Энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги йирик минтақавий лойиҳаларни, шу жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини жадаллаштириш масалалари доимий эътиборда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jaelrCV6KKs" title="Qirgʻiz Respublikasi Prezidenti Samarqandga keldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Икром АВВАЛБОЕВ,
Отабек МИРСОАТОВ (сурат, видео), ЎзА мухбирлари