Марказий депозитарий томонидан мижозлар билан ишлашнинг янги формати — Комплекс хизмат кўрсатиш шартномаси жорий этилди. Ушбу ҳужжат капитал бозори иштирокчилари учун янада қулайлик ва самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.
Мамлакатимизда молиявий хизматларни рақамлаштириш ва мижоз учун қулайликлар яратишга йўналтирилган хизмат кўрсатиш моделини жорий этиш устувор вазифалардан бирига айланмоқда. Марказий депозитарий томонидан таклиф этилаётган комплекс шартнома тизимида айнан шу мақсадлар кўзланган.
Аввалги тартибга кўра, ҳар бир янги хизмат тури учун алоҳида шартнома тузиш, қонунчиликдаги ўзгаришлар юз берганда эса қўшимча келишувларни расмийлаштириш талаб этилар эди. Янги тизим бу жараёнларни тубдан соддалаштиради: эндиликда мижоз ва Марказий депозитарий ўртасида ягона шартнома тузилиб, барча хизматлар ушбу ҳужжат доирасида амалга оширилади.
Шунингдек, қонунчилик ёки хизмат кўрсатиш шартлари ўзгарган тақдирда, қўшимча шартномалар имзолаш зарурати юзага келмайди ҳамда ҳамкорлик битта шартнома доирасида узлуксиз давом этади. Мижоз томонидан қўшимча талаблар киритилган тақдирда, шартномани қайта тузмасдан туриб ўзгартириш ёки хизмат турларини кенгайтириш осон ва оператив тарзда амалга оширилади.
Комплекс хизмат кўрсатиш шартномаси асосида мижозларнинг вақтини тежашга алоҳида эътибор қаратилган: мижозлар шартномани ўзларига қулай вақтда, яъни 24/7 режимида Шахсий кабинет орқали мустақил равишда олиш имкониятига эгалар. Бу, ўз навбатида, инсон омилини камайтиради ва хизмат кўрсатиш тезкорлигини сезиларли даражада оширади.
Ҳужжатнинг яна бир муҳим афзаллиги — стандартлаштириш ҳисобланади. Барча шартлар, жумладан хизмат кўрсатиш тартиби ягона ва тушунарли шаклда белгиланган, бу эса мижозлар учун эҳтимолий хатарларни камайтиради.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу ўзгариш капитал бозорида шаффофликни ошириб, жараёнларни соддалаштиришга хизмат қилади.
ЎзА